WikiLeaks ташкилоти АҚШ Марказий разведка бошқармасининг "Йиғлаётган фаришта" дастуридан фойдаланиш йўриқномасини чоп этди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида маълум қилинди

Мақолада айтилишича, махфий дастур Samsung F Series кўп функцияли телевизорларидан тингловчи қурилма сифатида фойдаланиш учун ишлаб чиқилган. Аввалроқ WikiLeaks дастур телевизор ичига ўрнатилган микрофон ёрдамида аудиоёзув олиб бориб, сўнгра уларни МРБга жўнатишга имкон беришини ошкор қилганди.

Таъкидланишича, бу дастур МРБ томонидан Британиянинг MI-5 контрразведка хизмати ёрамида яратилган. Маълум қилинишича, дастур учун асос сифатида Британияда аввалроқ яратилган "Тарқалиш" деб номланган дастур олинган.

7 март куни WikiLeaks МРБ томондан қўлланувчи киберҳужум усуллари ҳақида маълумотларни чоп этишни бошлади. Бу маълумотларга кўра, МРБ мобил телефонлар ёрдамида кузатув олиб боришга имкон берувчи ҳамда бутун дунё бўйлаб смартфонларга кира олувчи технологияларни ишлаб чиққан. Смартфонларга кира олувчи технологиялар,  жумладан WhatsApp ва Telegram мессенжерларидаги аудиотрафик ва электрон хабарларни ўқишга имкон берган.