Инсонга атиги бир марта бериладиган умрни орзуга эришиш йўлида эзгу амаллар билан шундай яшамоқ даркорки, ҳаёт интиҳосида ўтказилган умргузароликдан кишида аттанг қолмасин!
  
Кўр-кўрона ҳавойи ҳавасга берилиб, сабр ва қаноатни унутиб, осонгина бойлик орттириш илинжида меҳр ва таскинни ўзининг ота-онаси ва яқинларидан эмас балки, унга етти ёт бегона бўлсада бир лаҳзада ширин сўзлари билан кўнгилдан жой ола биладиган шахсларга ишониб кетаётган нодонлар учраб турибди. Айнан ўша калтафахмлар бугунги кунда турли найрангларнинг, қолаверса, «одам савдоси» деб аталган жирканч иллатнинг қурбонига айланмоқдалар. 

Садоқат Худоёрова ҳам агарда ўзининг ор-номусини, қадр-қимматини оёқ ости қилмасдан, қиз бола номига иснод келтирувчи одатлардан йироқлашганида, балким кимнингдир суюкли ёри, кимларнингдир меҳрибон келини бўлармиди. Таассуфки, у ўзининг ёш умрини кўча куйда дайдиб, отасининг мағрур бошини эгиб, қаддини букди, ғам-ғуссаларнинг оғриқли юкларини кўтаролмаган отаси уни уйидан ҳайдаб, маҳаллада шармисор бўлишдан, қизининг беномуслигидан ор қилди.  
  
Ўз уйидан ҳайдалган қиз ўзининг таниш-билишлари билан гулдек ёшлигини кўнгилочар масканларда ўтказиб, айш-ишратга муккасидан берилди.    
  
Шу тарзда мақсадсиз дайдиб юрган кунларининг бирида Вобкент туманида истиқомат қилувчи Зулайҳо Ширинова унинг бошини силаб, ўз уйидан жой беради. Зулайҳо Ширинова кўнгил хушлашни ихтиёр этган йигитчаларни илтимосини ерда қолдирмай уларга ўзининг таниш қизларини тортиқ қилавериб, ўзининг ҳожатбарорлиги билан Вобкент туманида «Зули» номи билан танилган. Садоқат Худоёрованинг кўнгилхушликка мойиллигини илғаган аёл қисқа вақт ичида у билан опа-сингил тутиниб, ўзининг доимий мижозлари билан таништирадида, «янги ойимча»ни беномуслар бозорига пуллай бошлайди. 
  
Унга қўнғироқлашиб уйида яшаётган Садоқатни бир соатга ёки бир кечага олиб кетадиган шакаргуфторлик шинавандалари олдиндан Садоқат учун аталган ва келишилган пулни бериб уни висол манзилига олиб кетардилар.... 
  
...Дубай. Дунёнинг энг азим ва гўзал шаҳарларидан бири. Мусулмон давлатларининг кўзгуси. Ўзининг баҳаво ва шинам жойлари, осмонўпар иморатлари билан жаҳон аҳлини лол қолдирган жаннатмакон шаҳар. Лекин ҳозирда бу шаҳар номини эшитган аксарият кишилар у ерни мутлақо бошқача талқин қилиши сир эмас. Сабаби шундаки,  ўша ерда ҳам номи қурғур пул ва бойлик дея ҳар қандай разилликка қўл ураётган, қиз ва жувонларни алдаб уларни фаҳш йўлга бошлаётган, озода шаҳар номини турли тубан қилмишлари билан булғаётган «даллол»лар учраб турибди.

Шоҳсанам Жумаева бир неча йиллардан буён Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига бориб келиб анчагина таниш-билиш орттирган аёллардан. Чунончи у 2005 йилда Бирлашган Араб Амирлиги давлатидан  бадарға қилинган бўлсада, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш учун белгиланган тартибни қўпол равишда бузиб, «Дунёнинг барча мамлакатларига чиқиш учун рухсат» ёзувини расмийлаштирмасдан 2014 йилнинг 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасидан Қирғизистон Республикасига ўтиб, Манас шаҳридан ҳаво йўллари орқали Уммон Султонлигига ноқонуний равишда чиқиб, Уммон Султонлиги орқали Туркиянинг Истанбул шаҳрига, ундан сўнг Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига ноқонуний йўллар орқали чиқиб Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223-моддаси 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этган. Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 223-моддаси 1-қисми, 227-моддаси 2-қисми ва 228-моддаси 3-қисмларида кўрсатилган жиноятларни содир этиб 3 маротаба судланган бу аёл қилмишларидан ўзига тегишли хулоса чиқармай, уни яна текин бойлик орттиришнинг хумори тутади. 
  
У ўзининг олдиндан таниши бўлган Зулайҳо Ширинова ҳамда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида яшаётган Хоразм вилоятида туғилган Муҳайё Раҳмоновалар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Зулайҳо Ширинованинг уйида яшаётган, пул деса ўзини турли балоларга гирифтор қилишга тайёр бўлган Садоқат Худоёровани ўзи яшаётган Дубай шаҳрига чақиртириб, у ерда турли шахслар билан ўзаро жинсий яқинликда бўлиш эвазига катта миқдордаги пул ишлаб топиши мумкинлигига даъват қилади. 

Шоҳсанам Жумаева ўзининг жиноий шериги Муҳайё Раҳмонова билан бирга Зулайҳо Ширинованинг телефон аппаратига ўрнатилган ижтимоий тармоқлар орқали қисқа вақт ичида Садоқат Худоёровани авраб оладилар. Ўз ўрнида ҳавойи ҳавасларга берилган Садоқат ҳам ҳеч иккиланишсиз уларнинг бу таклифларига розилик билдиради. 

Зулайҳо Ширинова Садоқат учун Дубайдан жўнатилган пуллар эвазига унинг чет элга чиқиши учун ҳужжатларнинг расмийлаштирилишига кўмаклашиб, турли кийим-кечаклар сотиб олади. Бундан ташқари, Садоқат Худоёрованинг номига «Тошкент-Дубай» авиачиптасини сотиб олади. 
 
-«Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида фуқаро Зулайҳо Ширинова жабрланувчи Садоқат Худоёровани Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига жўнатиш учун Тошкент халқаро аэропортига ҳаракатланиб кетаётган вақтида Ғиждувон тумани «Сармижон» йўл патрул хизмати масканида қўлга олиниши оқибатида уларнинг жиноий ҳаракатларига барҳам берилди. Ходимларимизнинг олиб борган навбатдаги тадбирлари давомида одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятнинг, қолаверса,  фуқаро Садоқат Худоёрованинг одам савдоси қурбонига айланиб қолишининг олди олинди. 

Айбланувчилар Жумаева Шоҳсанам Ҳалимовна, Ширинова Зулайҳо Шариповна ҳамда Раҳмонова Муҳайё Рустамовналарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддаси 2-қисми «г,е,з,и» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари якунланди ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида суд муҳокамасига юборилди», - дейди Бухоро вилояти ИИБ Тергов бошқармаси бошлиғининг ўринбосари подполковник Р.Ашуров.
 
Албатта содир этилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик, жиноят учун эса жазо муқаррар. Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судида қилмишлари туфайли шувут юзини беркитиб олган бу учала одамфурушлар адолат тамойиллари асосида ўз жазоларини олдилар. 

Шу ўринда бир савол туғилади, бугун қилмишларига иқрор ҳолда қонун олдида бош эгиб турган аёлларнинг кирдикорларини қандай изоҳлаш мумкин. Ва яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бу каби қинғир йўллардан юришга одатланган аёлларни, қолаверса, жиноятга қўл урган шахсларни жазолаш орқали бугун жамиятимизда содир бўлаётган турли кўнгилсизликларга, ноўрин жабрланишларга, нодонлик ортидан келаётган мусибатларга буткул барҳам бериш мумкинми?   

Бахтиёр Рахматов, капитан
Бухоро вилояти ИИБ