Футбол тарихидаги энг машҳур қарама-қаршилик — «Эль-класико», навбатдаги Лондон дербиси. Умуман шанба ва якшанба дам олиш кунлари жуда қизиқарли футбол учрашувларига бой ўтиши кутилмоқда. Tribuna.Uz бир йўла олтита марказий учрашувларга тўхталиб ўтади.

«Челси» — «Тоттенҳэм» (22 апрель, 21:15, Матч! Футбол 1)

Англияда бу ҳафта чемпионат билан бирга кубок учрашувларнинг ҳал қилувчи босқичи ҳам бўлиб ўтади. Туманли альбионнинг фахри ҳисобланган «Уэмбли»да бўлиб ўтадиган ярим финал учрашувларидан бирида икки Лондон жамоаси куч синашади. «Челси» чорак финалда Жозе Моуриньо бошчилигидаги «МЮ»ни мағлубиятга учратди.

Энди жамоа «Тоттенҳэм» билан финал йўлланмаси учун кураш олиб бориши керак бўлади. Чемпионлик учун кураш олиб бораётган икки жамоа кубокнинг бу босқичида ҳам ўзаро ҳисоб-китоб қилиши янада қизиқишга сабаб бўлиши тайин. «Челси» «Уэмбли»да ўтказиладиган ярим финалларнинг энг омадли жамоаларидан бири саналади. Жамоа бу ерда ўтказган 6 ярим финал учрашувининг 5тасида ғалаба қозонган.

Икки жамоа сўнгги марта Англия кубоги доирасида 2012 филда ярим финалда тўқнаш келишган ва ўшанда «Уэмбли»да кечган учрашувда «Челси» 5:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Умуман олганда «Тоттенҳэм» Англия кубоги доирасидаги «Челси»га қарши сўнгги тўртта учрашувда ғалаба қозона олмаган. «Челси» 

«Боруссия» (Мёнхенгладбах) — «Боруссия» (Дортмунд) (22 апрель, 21:30)

Бундеслигада турнинг энг қизиқарли учрашувларидан бири икки «Боруссия» жамоалари ўртасида кечиши кутилмоқда. Икки жамоа ҳам еврокубоклар учун кураш олиб бормоқда. Мёнхенгладбах Дитер Ҳеккинг бошчилигида яна сараланганлар зонасига қайтди. Жамоа Европа Лигаси зонасига киришга яқин турган бўлса, Дортмундликлар «Ҳоффенҳайм» билан қайси жамоа ЕЧЛга тўғридан-тўғри йўлланма олишию, қайси жамоа саралаш босқичида иштирок этиши бўйича курашмоқда. «Ҳоффенҳайм»нинг «Кёльн» уйидаги дурангидан сўнг дортмундликларда 3-ўринга кўтарилиб олиш учун жуда яхши имкониятга эга бўлиб турибди.

Икки жамоа ҳам бу учрашувдан кейин Германия кубоги ярим финалидаги иштирок этишади. Мёнхенгладбахликлар «Айнтрахт»га қарши, Дортмунд эса «Бавария»га қарши майдонга тушиши лозим. Шу маънода бу учрашувда иккала жамоа ҳам таркибда бир қатор ротацияларни амалга ошириши ҳам мумкин.

Икки жамоа ўртасидаги Мёнгхенгладбахдаги кечган сўнгги олти учрашувдан фақат биттасида «Боруссия» ғалаба қозонган. У ҳам ўтган мавсумдаги учрашувда кузатилган. Бу учрашувгача «Дортмунд» бешта учрашувдан иборат ғалабасиз серияни ўтказганди.

«Фиорентина» – «Интер» (22 апрель, 23:45, Спорт ТВ, Матч! Футбол 2)

Жорий мавсумда «Интер»нинг А Сериядаги энг яхши натижаси қаторасига етти ўйинда ови бароридан келгани бўлди. Бироқ жамоа сўнгги 6 учрашувда бор-йўғи етти очко тўплашга муваффақ бўлган. Пиоли шогирдлари тўрт учрашувдан буён ғалаба қозона олмай келмоқда. Паулу Соуза жамоаси эса кетма-кет дуранглар эвазига 8-ўринда қолиб кетмоқда. Бу учрашув жамоанинг еврокубоклар учун курашиш йўлидаги сўнгги имконияти бўлади. Агар жамоа ғалаба қозона олмаса, Европа лигаси йўлланмасидан ҳам буткул умидини узавериши мумкин.

Икки жамоа ўртасидаги «Фиорентина»да кечган сўнгги 5 учрашувнинг фақат биттасида «Интер» ғалаба қозонган.  Бу воқеа бундан 3 йил муқаддам содир бўлганди. Аммо жамоа 2012 йилга қадар «Фиорентина»да 7 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серияни ўтказиб келганди.

Арсенал – Манчестер Сити (19:00, Матч! Футбол 1)

Англия Кубогининг бу йилги ярим финалллари ўзига хос тарзда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Чунки яқин йилларда Премьер-лигада кучли олтиликдаги бир йўлла тўртта жамоанинг бу босқичга етиб келиши кузатилмаганди. Шу маънода бу сафар «Уэмбли»да бўлиб ўтадиган икки учрашув ҳам мухлислар орзиқиб кутадиган бўлиши аниқ бўлиб улгурганди. 

«Арсенал» ва «Сити» бу учрашувда финалдаги рақиби ким бўлишини билган ҳолда чиқишади. Бу жиҳатдан ўйинда қанчалик ёрдам бериши мумкин, олдиндан билиш қийин, бироқ бу ўйин сифатига бузиб қўймаслигига 100 фоиз кафолат бор. Кўпчиликнинг фикрича Венгер «Арсенал»даги сўнгги мавсумини ўтказмоқда. Балки Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си Лондонда Венгер учун сўнгги совринни ютиши учун қаршилик қилар? Балки бу Венгер учун клубдаги сўнгги соврин бўлар. Шу томондан ҳам бу учрашув аҳамияти юқори бўлиб турибди.

Икки жамоа Англия кубоги доирасида фақат уч марта рўбарў келган бўлиб, сўнгги икки учрашувда «Арсенал»нинг қўли баланд келган. «Манчестер Сити» Англия кубогида сўнгги марта «Арсенал»ни бундан бир аср илгари, 1904 йилда мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиққан.

«Реал» — «Барселона» (23 апрель, 23:45, UzReport)

Дунё футболидаги шубҳасиз энг оммабоп ўйин. Футбол тарихидаги энг номдор қарама-қаршилик — Испания чемпионатидаги ҳал қилувчи баҳсга айланади. «Барселона» чемпионлик учун сўнгги умидини сақлаб қолиши учун Мадридда ғалаба қозониши шарт. Ҳозирда «Барса» ва «Реал» ўртасидаги очколар фарқи 3 очкони ташқил қилмоқда. Бу фарқни йўққа чиқариш орқали Энрике ўзининг сўнгги чемпионлик унвони учун курашиш имкониятига эга бўлиши мумкин.

«Эль-класико»нинг бу сафарги учрашувига соя солиб турган кичик унсур бу йўқотиш бўлиб турибди. «Барселона» асосий футболчиси Неймар хизматидан фойдалана олмайди. «Реал» таркибида ҳимоячилар Пепе ва Рафаэль Варан учрашувни ўтказиб юборади. Гарет Бэйлнинг иштироки ҳам сўроқ остида қолмоқда.

Мадридда кечган сўнгги 13 та «Эль-класико»нинг фақат 2тасида «Реал»нинг қўли баланд келган. Ўша 2009 йилдаги машҳур 2:6 ҳисобидаги мағлубият билан бошланган омадсизликлар серияси 2015/2016 йилги мавсумдаги 0:4 ҳисобидаги мағлубият билан тугаган. Бироқ бошқа томондан «Реал» «Камп Ноу»да кечган сўнгги икки «Эль-класико»да мағлубиятга учрамаяпти.

Лионель Месси «Эль-класико» тарихидаги энг сермаҳсул футболчи саналади. У «Реал» дарвозасига жами 21та тўп киритган, 13та голли узатмани амалга оширган. Шунингдек 2 ҳет-трик ҳам унинг ҳисобида бор. «Класико»да «Реал»нинг устунлиги сифатида жамоанинг жорий мавсумда ўз уйида ютқазмай келаётганини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, мадридликлар Ла-лигада 12 турдирки мағлубият нималигини билмайди.

«Лион» – «Монако» (24 апрелга ўтар кечаси, 00:15, Матч! Футбол 1)

Мавсум аввалида чемпионликка даъвогарлик қилиши кутилган «шерлар» айни дамда ЕЧЛ йўлланмасидан ҳам қуруқ қолишига тўғри келди. Эндиликда Бруно Женезио шогирдлари Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун фақатгина Европа лигасида муваффақият қозониши керак бўлади. Ўтган ҳафтада жамоа Европа лигаси чорак финалида «Бешиктош»да кечган ўта муҳим учрашувда пенальтилар сериясига кўра ғалаба қозониб, ярим финалда иштирок этадиган бўлди. «Монако» ҳам ўз навбатида «Боруссия»га қарши иккала учрашувдаги ғалабалар эвазига ЕЧЛ ярим финалида иштирок этадиган бўлди. Еврокубокларда Франция шарафини муносиб ҳимоя қилаётган икки жамоа ўртасидаги чемпионат учрашуви қизиқарли кечиши шубҳасиз.

Икки жамоа ўртасида сўнгги 6 учрашувдан буён «Монако» ғалаба қозна олмаяти. «Монако» чемпионатда етакчилик қилаётганига қарамай биринчи даврада ўз уйида кечган учрашувда «Лион»га имкониятни бой бериб қўйганди. «Лион»да кечган ўтган мавсумдаги учрашувда «Монако» 1:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган. Умуман Лионда бўлиб ўтган сўнгги 12 учрашувнинг фақат биттасида «Монако» ғалаба қозона олган.

Шунингдек, бу ҳафтада яна бир қатор қизиқарли учрашувлар бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бундеслига кашфиёти «Лейпциг»нинг «Шальке» уйида меҳмон бўлиши, ҳиссиётларга тўла Истанбул дербиси «Галатасарой» ва «Фенербаҳче» тўқнашувлари шулар жумласидан. Бир сўз билан айтган ҳафта уик-энди сизни зериктириб қўймаслиги аниқ.