Франция президентлик сайловининг биринчи босқичидан аввалги сайловолди ташвиқот кампанияси поёнига етди. 22 апрель куни сокинлик куни деб эълон қилинган. 23 апрелда сайловнинг биринчи тури бўлиб ўтади. 

Франция Сайлов кодексига кўра, шу кундан эътиборан, президентликка номзодлар сайловолди митинглари ўтказа олишмайди, ОАВга интервью беришлари ёки бошқа кўринишда ташвиқот ишлари олиб боришлари мумкин эмас. ОАВ эса, француз сайловчиларининг фикрига таъсир ўтказадиган маълумотларни эълон қилиши тақиқланади. Шундай қилиб, 45 млн француз сайловчисига тинч вазиятда умуммиллий овоз бериш жараёнига тайёргарлик кўриш имкони тақдим этилди. 

Ижтимоий фикрни ўрганиш мақсадида ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, сайловолди пойгасида "Маршда" ҳаракатининг ёш раҳбари Эммануэль Макрон етакчилик қилмоқда. Биринчи турда унга 23 фоиз сайловчи овоз беришга тайёр. Расман у партиясиз мустақил номзод сифатида кураш олиб бораяпти. Бироқ, ҳукмрон социалистик партиянинг қатор вазирлари уни қўллаб-қувватлашларини билдиришди. Шу сабабли, ОАВ Макрон ортида бевосита Елисей саройи турибди, деган фикрни илгари сурмоқда. 

"Миллий фронт" раҳбари Марин Ле Пен Макрон билан дерли бир хил натижани кўрсатиши мумкин. Унга биринчи турда 22 фоиз сайловчи ишонч билдириши кутилмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, айнан шу икки номзод иккинчи турда Елисей саройи учун кураш олиб боради. 

Экспертларга кўра, Франциядаги бу сафарги сайловларнинг ўзига хослиги шундан иборатки, унда якуний қарорга келмаган сайловчилар кўпчиликни ташкил этади. Франциядаги овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг қарийб 1/3 қисми, яъни салкам 15 миллион нафари 23 апрелда кимга овоз бериши ҳақида тўхтамга келмаган. 

Ижтимоий сўровларда 20 фоиз ишонч билдирилган Фийон ёки 19 фоиз ишонч билдирилган Меланшон ҳам иккинчи турга йўл олиш эҳтимоли юқори.