21 апрелда номаълум ўсмир Федерал хавфсизлик хизматининг Хабаровскдаги бошқармасига ҳужум қилди ва бир ходимни отиб ўлдирди. Босқинчи отиб ташланган. Бундан ташқари, бошқармага келган яна бир одам ҳалок бўлган.

Ушбу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди. Бу ҳақда SITE Intel Group ташкилоти твиттерда маълум қилди. 

ОАВ маълумотларига кўра, босқинчи ҳужумни амалга оширишда аввалроқ маҳаллий тирдан ўғирланган қуролдан фойдаланган. Кейинроқ яна бир гумонланувчи қўлга олинган, унинг квартирасида ўқлари бор жанговар автомат топилган.

Маълум қилинишича, ҳужумни 18 ёшли маҳаллий ўсмир содир этган. Воқеа соат 05:00да юз берган. Ўсмир бундан аввал тирдаги инструкторни ўлдириб, у ердан қурол ўғирлаган.

Бироқ Россия тергов қўмитаси ҳужумни содир этган ўсмирнинг ИШИД билан алоқаси бўлиши мумкинлигига асослар йўқ, деб ҳисобламоқда.

"Ҳозирда олинган маълумотлар терговга жиноят бошқа миллатдаги одамларга адоват билан қарайдиган неонацистик қарашлар тарафдори томондан содир этилгани ҳақида хулосага келишга ижозат беради", деб айтилди тергов қўмитаси хабарида. 

20 апрелда ИШИД Парижда полициячиларнинг ўққа тутилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди. Ҳужум оқибатида бир полициячи ҳалок бўлган, икки нафари жароҳат олган.