"Манчестер Юнайтед" клуби ҳужумчиси Златан Ибраҳимовичнинг тиззасидан олган жароҳати унинг футболчилик фаолиятига чек қўйиши мумкин. Бу ҳақда бир манбага иқтибос келтирган ҳолда Record портали хабар бермоқда

20 апрелда "Манчестер Юнайтед" ўз майдонида Европа лигаси чоракфинали жавоб учрашувида "Андерлехт"ни қўшимча вақтда ютиб, биринчи марта мусобақанинг яримфиналига чиқа олди. Учрашув "МЮ" фойдасига 2:1 ҳисобида якунланган. 

Учрашувнинг 90-дақиқасида Ибраҳимович тиззасидан жароҳат олди ва майдонни тарк этишга мажбур бўлди. Швециялик футболчи тўп учун юқори қаватда кечган курашдан кейин ерга ўнг оёғига муваффақиятсиз тушган ва бунинг натижасида унинг тиззаси орқа томонга қайрилиб кетган.

Манбанинг таъкидлашича, 35 ёшли футболчининг тикланиши учун 9 ой талаб қилиниши мумкин ва бу унинг фаолиятини якунлашига олиб келиши мумкин. Футболчининг инглиз клуби билан шартномаси шу мавсум охирида якунланади.

Ибраҳимович "МЮ" сафида 2016 йил ёзидан бери тўп суриб келмоқда. У турли мусобақаларда жамоа учун 46 учрашув ўтказиб, 28 та гол муаллифига айланган. Футболчи клуб таркибида Англия суперкубоги ва Англия футбол лигаси кубоги соҳибига айланган.