Россиялик фазогир, коинотда энг узоқ вақт бўлиш бўйича рекордчи Геннадий Падалка фазогирлар отрядини тарк этишга қарор қилди. Бу ҳақда Фазогирларни тайёрлаш маркази раҳбари Юрий Лончаков маълум қилди. 

"Геннадий Иванович фазогирлар отрядини тарк этиш ҳақида ариза берди, ариза икки ҳафтадан кейин комиссия томондан кўриб чиқилади", деб айтди Лончаков.

Унинг айтишича, марказ фазогирнинг кетишга қарор қилганида катта фожиа кўрмаяпти, чунки жорий йилда янги қабул эълон қилинган, отрядда ҳали коинотга учмаган кўплаб фазогирлар бор.

Бу ахборотни фазогирнинг ўзи ҳам тасдиқлади. Унинг айтишича, у отрядда 28 апрелгача ишлайди.

"Тарк этишга мажбурман. Бекорчилик жонга тегди. Яна парвоз қилишимнинг истиқболи йўқ. Марказда ҳам менга иш йўқ", деб изоҳлаган бу қарорини фазогир.

Фазогирнинг айтишича, у коинотда бўлиш рекордини минг кунга етказиб қўйиш учун 6-орбитал парвозга жўнашга тайёр, бироқ у экипажга тайинламаяпти.

Падалка фазогирлик фаолияти давомида 5 марта коинотда бўлган, ўнлаб марта очиқ коинотга чиқишлар амалга оширган. Унинг коинотда бўлишининг умумий давомийлиги 878 кун 11 соат 29 дақиқа ва 24 сонияни ташкил қилади. 

2016 йил 15 апрелда Халқаро авиация федерацияси унинг бу рекордини расман тан олган.

Падалка бу рекордни 2015 йил 29 июнда Халқаро коинот станциясида қайд қилган. Фазогир ўзининг охирги парвозига 2015 йил 27 мартда жўнаб, 12 сентябрда Ерга қайтган.