КХДР тинчликсевар давлат, бироқ АҚШ таҳдидидан ҳимояланиш учун кескин чораларни ҳам кўриши мумкин. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги Шимолий Корея ТИВ вакиллари баёнотига асосан хабар бермоқда.

"КХДРнинг энг катта хоҳиши – бу АҚШ ўзининг адоватли сиёсатини давом эттирса, охиригача боришдир. КХДР армияси ҳозирнинг ўзиданоқ жавоб чоралари сифатида кутилмаган огоҳлантирувчи зарбалар ва бошқа услублар бўлишини белгилаб олди", - дейилади хабарда.

Баёнотда таъкидланишича, Пхеньян “тотал урушга кенг қамровли уруш билан”, “ядро урушига эса ядро зарбалари” билан жавоб қайтаради, аммо бу “жуда даҳшатли қарама-қаршиликда” албатта ғолиб чиқади. "КХДР тинчликсевар социалистик давлатдир, бироқ урушдан қўрқмайди ва ундан қочишга ҳам ҳаракат қилмайди", - дея қўшимча қилиб ўтишган шимолий кореялик дипломатлар.

Ўтган дам олиш кунлари Жанубий Корея қуролли кучларининг штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси КХДР Хамгён-Намдо вилоятининг Синпхо уездида муваффақиятсиз ракета учирганини хабар берди. Ракета тури ҳозирча номаълум, бироқ экспертлар тахминича, бу ўрта масофаларга мўлжалланган KN-15 баллистик ракетаси бўлиши мумкин.

Япония ҳукумати ракета учирилганидан сўнг бош вазир котибияти қошида махсус штабни ташкил этган бўлса, Жанубий Корея ҳукумати миллий хавфсизлик Кенгаши доимий қўмитасининг фавқулодда йиғилишини чақирди.