IKEA компанияси ҳисоб-китобларига кўра, мебеллар ишлаб чиқарувчи компаниянинг Швециядаги харидорларининг 36 фоизи дўконга нафақат мебель жиҳозлари харид қилгани, балки овқатлангани келар эканлар. Улар орасида гўштли фрикаделька таоми айниқса оммалашган. IKEA’нинг маркетинг бўйича директори Герд Дивальднинг айтишича, таом компаниянинг "энг яхши диван сотувчисига" айланган. Бу ҳақда Fast Company нашри хабар бермоқда

Дивальднинг таъкидлашича, компания бир нечта шаҳарларда алоҳида IKEA Food ресторанларини очишни ўйламоқда. Бу ресторанларда мебель сотилмайди, унга ташриф буюрувчилар бевосита таом тановул қилгани келишади. Унинг айтишича, "бизнесни қорни оч мижоз билан олиб бориш қийинроқдир". 

Маркетологларнинг фикрича, 2013 йилда IKEA ресторанлари улушига компания умумий даромадининг 1,5 млрд доллари тўғри келган. Таомлар сотилиши харидорлар арзон нархга тўлақонли тушлик сотиб олишлари мумкинлиги эвазига муваффақият қозонмоқда. 2015 йилда компаниянинг баъзи ресторанларида товуқдан тайёрланадиган ва вегетарианлар учун таомлар пайдо бўлди.   

"Биз алоҳида IKEA Food ресторанларини очиш ҳақида ўйламоқдамиз, бироқ ҳозирча аниқ қарорлар қабул қилмадик. Мен ушбу ғоянинг истиқболи бор, деб ишонаман. Бир неча йилдан кейин мижозларимиз "IKEA овқатланиш учун ажойиб жой ва яна у ерда мебель сотилади", деб айтишларига умид қиламан", деб айтди IKEA Food’нинг бошқарувчи директори Майкл Ла Коур.   

IKEA ресторанларидаги таомларнинг ярмига яқинини анъанавий швед таомлари ташкил қилади. Компаниянинг қолган давлатлардаги ресторанларида шунингдек маҳаллий ва миллий ошхонага тааллуқли таомлар ҳам таклиф қилинади. Компаниянинг бутун дунё бўйлаб 389 та дўконида ҳар йили 650 млн порция таом сотилади.

IKEA мебель ва уй жиҳозлари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланувчи дунёдаги энг йирик компаниялардан бири ҳисобланади.