Жорий йилнинг 29 майидан 1 июнига қадар Тошкентдаги Ёшлар ижод саройида “OSIYO RAMZI” дизайнерлар уюшмаси ташкилотчилигида “Болажонлар-ширинтойлар” болалар мода фестивали бўлиб ўтади.

Ушбу фестиваль тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, миллий менталитет ва ҳудудий иқлимий шароитларнинг ўзига хос хусусиятлари асосида яратилган миллий костюмлар орқали болалар, шу жумладан, ёшлар ва уларнинг ота-оналарида дид, кийиниш маданияти ва эстетик тарбиянинг шаклланишига, Ўзбекистон санъати ва маданияти соҳасида билимларни кенгайишига имконият яратиб беради.

“Тантана”, “Томоша”, “Diamondskids” ижодий гуруҳларининг ёш моделлари, шунингдек, Арт-бюро “Колибри” мода мактабининг тарбияланувчилари либослар намойишида ҳар бир гуруҳ учун махсус саҳналаштирилган модел сифатида иштирок этишади.

Мода фестивали дастури ўз ичига қуйидаги тадбирларни ўтказишни режалаштирган:

Beyoung for baby дефилеси - бу ёш иштирокчилар, жумладан, (ёш дизайнерлар, институт талабалари ва коллеж ўқувчилари) учун танлов.

Саноат либослар тўпламларининг намойиши - “Ўзбекенгилсаноат”
Давлат акционерлик компанияси қошидаги Ўзбекистоннинг етакчи тикув ва тикув-трикотаж корхоналарининг болалар учун мавсумий ва турли ассортиментдаги либослар тўпламларининг намойиши.

Гала-fashion шоу - Ўзбекистонда болалар модаси ва дизайн соҳасида анъаналарнинг бойлиги ва замонавий изланишларни ўзида акс эттирувчи ўзбек дизайнерларининг якуний либослари намойиши.