АҚШ президенти иқтисодиётнинг ўсишига туртки бериш мақсадида солиқларни мувофиқлаштиришга доир фармонга имзо чекди. Америка телевидениеси фармонни имзолаш жараёнини жонли эфирда намойиш этди. 

"Трамп 2016 йилнинг эътиборга молик барча солиқ қоидаларини қайта кўриб чиқишни маъқуллади. Адолатсиз солиқ сиёсатига қарши америкаликларга ёрдам бериш мақсадида шундай қилинди. Аввалги маъмуриятлар вақтидаги солиқ кодекси иқтисодиёт ва америкалик солиқ тўловчилар учун жуда оғир юк бўлган эди", — дея баёнот берган Оқ уй маъмурияти. 

АҚШ молия вазири Стив Мнучиннинг айтишича, унинг маҳкамаси "сўнгги 1,5 йилда қабул қилинган солиқ ўзгаришларининг ҳар бирини алоҳида кўриб чиқади".

"Улар солиқ кодексига керакми, бунга зарурат борми-йўқми, ўрганилади. Агар биз солиқ юки жуда оғир деган хулосага келсак, у ҳолда президентга уни ўзгартириш борасида тавсиялар берамиз", — деган Мнучин.

Унинг сўзларига кўра, фармондан кўзланган мақсад "Америка бизнесини дунёдаги энг рақобатбардошга айлантиришдир".

Оқ уйга кўра, молия вазирлиги 150 кунда ўз таклифларини ишлаб чиқиши керак.