АҚШнинг United Airlines раҳбари Оскар Муньос йўловчиларнинг рейслардан олиниши билан боғлиқ можаролар сабабли 2018 йилда хизмат пиллапояси бўйлаб кўтарилмайди ва директорлар кенгашини бошқармайди. 2017 йил Муньос учун ўз лавозимидаги охирги йил бўлади. Шундай тузатишлар унинг меҳнат шартномасига киритилди. Бу ҳақда авиакомпания тегишли бўлган United Continental холдинги баёнотига иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда

Шунингдек, компания Муньосга 2017 йил натижаларига кўра бериладиган бонуслар миқдорини ҳам қайта кўриб чиқади. Муньос 2016 йилда 18,72 млн доллар ишлаб топганди. "United Airlines бошқаруви ва директорлар кенгаши яқинда бўлиб ўтган воқеаларни жиддий қабул қилди ва ҳозир мукофотлашлар дастурига тузатиш тайёрламоқда. Дастур 2017 йилда авиакомпания ходимларини рағбатлантириш чоралари мижозларга хизмат кўрсатишни яхшилаш билан бевосита ва аниқ боғлиқ бўлишига қаратилган", дейилди баёнотда. 

Эслатиб ўтамиз, 9 апрелда Чикагодан Луисвиллга 3411-рейси жўнатилиши олдидан United Airlines хавфсизлик ходимлари йўловчиларга улардан 4 нафари самолётни тарк этишларига тўғри келишини, чунки самолётга ортиқча чипталар сотилганини айтишган. Самолётни кўнгилли тарзда тарк этишни истаганларга товон пули таклиф қилинган. Бироқ самолётни тарк этишни истовчилар топилмагандан кейин авиакомпания ходимлари ўзлари 4 нафар йўловчини танлаб олишган. Улардан 3 нафари самолётни тарк этишга рози бўлган, бироқ яна бир "ортиқча йўловчи", 69 ёшли шифокор бунга рози бўлмаган. Шунда авиакомпания ходимлари куч ишлатиб, уни самолётдан тушириб юборишган. Бунинг оқибатида хитой миллатига мансуб кекса эркакка жароҳат етказилган.   

Ушбу воқеадан бир ҳафта ўтгач, Коста-Рикага ўз никоҳини нишонлангани кетаётган жуфтлик ҳам ушбу авиакомпания самолётидан тушириб юборилган. Бунга эса Майкл Хол ва унинг қаллиғи Амбер Максвел самолётдаги ўз ўриндиқларидан бошқа бўш ўриндиқларга ўтиришгани сабаб бўлган. Аниқланишича, улар ўтирган ўриндиқлар шинамроқ бўлгани сабабли қимматроқ бўлган. Оқибатдаа жуфтлик самолётдан тушириб юборилган.