Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сингапур Республикаси Президенти Тони Тан Кенг Ям икки давлатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табрик мактублари билан алмашишди.

Ўзбекистон Президенти ўз мактубида шуни мамнуният билан қайд этдики, ўтган вақт мобайнида “узоқ муддатли ва кенг қамровли ҳамкорлик ўрнатишда” кўзга кўринарли натижаларга эришилди, “сиёсий мулоқот, жумладан халқаро ташкилотлар доирасидаги муносабатлар, савдо-иқтисодий ва инвестицион, маданий-гуманитар алоқалар ривожланмоқда”.

Сингапур компанияларининг Ўзбекистонда юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил қилиб, мамлакатимизни модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилашга ўз ҳиссасини қўшган ҳолда самарали фаолият олиб бораётгани юқори баҳога лойиқдир. Бугунги кунда Ўзбекистон иқтисодиётининг турли жабҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлаб бераётган Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда.

Сингапур Президентининг мактубида “Сингапур ва Ўзбекистон сўнгги 20 йил давомида биргаликда ҳам икки томонлама шаклда, ҳам халқаро майдонда самарали ҳамкорлик олиб бораётгани, – таъкидланган. – Мамлакатларимизнинг ташқи ишлар вазирликлари доимий асосда сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиб келишмоқда. Сингапур олий ўқув юртлари ва компаниялари Ўзбекистонда фаолият юритмоқда. Узлуксиз сиёсий ва иқтисодий алмашинувлар Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги дўстона муносабатлар ва яқин ҳамкорликнинг яхши белгисидир”.

“Халқларимиз фаровонлиги йўлида Сингапур ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун Сиз билан биргаликда ишлаш имкониятини муштоқ бўлиб кутяпман”, - дейилади Президент Тони Тан Кенг Ям мактубида.