Ўзбекистон Республикаси президентининг “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”га қарори эълон қилинди.

“Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли пунктларининг санитария жиҳатдан тозалигини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 4 декабрдаги “Республика аҳоли пунктларида санитария жиҳатидан тозалаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 315-сонли қарорини амалга ошириш доирасида 2014-2016 йилларда шаҳарларимизда қўшимча равишда шу йўналишга ихтисослаштирилган 41 та ташкилот ҳамда туман ободонлаштириш бошқармаларида маиший чиқиндилардан тозалаш бўйича 157 та хўжалик ҳисобидаги участка ташкил этилди”, — дейилади қарорга ЎзА томонидан эълон қилинган шарҳда.

2014-2016 йилларда санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларини замонавий махсус техникалар билан таъминлаш дастурлари амалга оширилди. Ана шу дастурлар доирасида 1427 та техника воситаси харид қилинган бўлса, уларнинг 990 таси маиший чиқиндиларни ташиб кетадиган автотранспортлардир.

Республикамиз шаҳар ва туман марказларидаги турар жой мавзеларида тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида 14 мингдан ортиқ чиқинди тўплаш пункти ташкил этилди ва 10 мингдан зиёд контейнер ўрнатилди.

Комплекс тадбирлар ва дастурларни амалга оширишга давлат бюджетидан 343,1 миллиард сўм йўналтирилди ва тижорат банкларининг 20 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлари жалб этилди.

Истеъмолчиларга санитария жиҳатидан тозалаш хизматлари кўрсатиш бўйича норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Ҳукумат қарорлари асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва ободонлаштириш бошқармаларининг қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатадиган участка ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида низом ва бошқа бир қатор норматив ҳужжатлар тасдиқланди.

Шу билан бирга, қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетишни ташкил этиш ва улардан фойдаланиш соҳасида хусусий тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш борасида ҳали ҳал этилмаган қатор муаммолар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ишларини ташкил этиш масаласи, аввало, бундай чиқиндиларни тўплаш, утилизация қилиш ҳамда қайта ишлаш бўйича аниқ ва амалий тизимни йўлга қўйишни талаб этади. Ҳозирги вақтда чиқиндилар тўпланадиган мавжуд полигонлар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена меъёрларига тўлиқ жавоб бермайди. Аксарият жойларда чиқиндилар тартибсиз равишда тўпланадиган пунктлар ҳамон сақланиб қолмоқда ва улар туташ ҳудудларнинг санитария-эпидемиология ҳолатини ёмонлаштириб, юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалишига шароит яратмоқда.

Бу борадаги энг муҳим вазифа ва муаммолар инобатга олинган ҳолда қабул қилинган Президент қарори мамлакатимиз туман ва шаҳарларининг санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилаш, 2017-2021 йилларда чиқинди билан боғлиқ вазифаларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантиришни янада кучайтиришга қаратилган.

Жумладан, мазкур қарор билан қуйидаги дастур ва лойиҳалар тасдиқланмоқда:

- 2017-2021 йилларда чиқиндиларни тўплаш, сақлаш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш тадбирлари;

- 2017 йилда мамлакатимиз шаҳарларидаги санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармаларига 237 та махсус техника харид қилиш, 94 та гараж қуриш, қаттиқ маиший чиқиндилар учун 168 та элак қурилмалари ўрнатиш режа кўрсаткичлари;

- Тошкент, Самарқанд, Андижон ва Наманган шаҳарларида йирик лойиҳаларни амалга оширишни ўз ичига олган, 2017-2021 йилларда халқаро молия ташкилотларининг 161 миллион АҚШ долларидан ортиқ маблағларини жалб этган ҳолда шаҳарларда чиқиндиларни тўплаш, ташиб кетиш, утилизация қилиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантиришга қаратилган инвестиция лойиҳалари рўйхати;

- 114 минг погон метр тўсиқ, 152 та санитария узели, 158 та маиший хона, 163 та автомобилларни ювиш жойи, 269 километр электр таъминоти тармоқлари, 166 та техник сув таъминоти қудуғи ҳамда 240 километр асфальтланган кириш йўлларини қуриш орқали қаттиқ маиший чиқиндилар тўпланадиган 168 та полигонни ободонлаштириш манзилли дастури;

2017-2018 йилларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлайдиган технологияларни жорий этиш прогноз кўрсаткичлари, жумладан, келгуси икки йилда Нукус шаҳри ва барча вилоятлар марказларида чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини қуриш кўзда тутилиб, мазкур лойиҳаларга 27 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтирилади.

 

Ана шу комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали аҳолининг кенг қатламлари учун янада қулай ижтимоий шароитлар яратилади.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва мазкур дастурлар амалга оширилишини назорат қилиш, муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш мақсадида Республика комиссияси ташкил этилди.

2017-2021 йилларга мўлжалланган дастурни молиялаштириш учун 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Мазкур қарорнинг амалга оширилиши туфайли қуйидаги муҳим натижаларга эришилади:

биринчидан, аҳолига қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш ва полигонларда утилизация қилиш хизматлари кўрсатиш бўйича яхлит тизим ташкил этиш ишлари ниҳоясига етказилади.

иккинчидан, санитария жиҳатидан тозалаш ишларига ихтисослаштирилган ташкилотлар ва Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари филиаллари махсус техникалар (чиқинди ташиш ва ассенизация машиналари) ҳамда қаттиқ маиший чиқиндилар учун электромеханик элак қурилмалар билан тўлиқ таъминланади.

учинчидан, қаттиқ маиший чиқиндиларни органик ўғитларга айлантириш учун бирламчи қайта ишлашни ташкил этиш, шунингдек, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича замонавий технологияларни жорий этишга эришилади.

тўртинчидан, аҳолини қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 2021 йилгача мамлакатимиз бўйича 63 фоиздан 93 фоизга ўсади.

“Мухтасар айтганда, “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилиниши юртимизда экология ва санитария муҳитини янада яхшилаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам қиёфа касб этиши йўлидаги улкан амалий қадамдир”, — деб якунланади ЎзА шарҳи.

Қарорга кўра, Қонунчиликда коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар учун жорий этилган мол-мулк солиғи тўловидан озод этиш имтиёзи «Тоза ҳудуд» ДУК ва «Махсустранс» ДУКга нисбатан татбиқ этилади.

Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юкланди.