Венесуэла бош прокуратураси 21 апрелга ўтар кечаси Каракасда юз берган тартибсизликлар ва талон-тарожликлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 12 нафарга етганини маълум қилди. 

Аввалроқ 11 киши ҳалок бўлгани, 7 киши яралангани маълум қилинган.

Талон-тарожликлар 20 апрель тунга яқин Паррокия-дель-Валье туманида бошланган ва бутун тун давомида давом этган. Бу воқеалар мухолифатнинг оммавий акцияларидан кейин юз берган. Шунингдек, намойишлар вақтида 2 кун ичида 4 киши ўлдирилган. 4 апрелдан бошланган намойишларда ҳалок бўлганларнинг умумий сони 20 дан кўпроқни ташкил қилмоқда.  

Венесуэлада оммавий норозиликлар олий суднинг мухолиф миллий ассамблея ҳокимиятини жиддий чеклашга қаратилган қароридан кейин бошланган. Ушбу қарор кейинроқ бекор қилинган, бироқ мухолифат тарафдорлари суднинг аъзоларини истеъфога чиқаришни талаб қилиб кўчаларга чиққанлар.