Яман армиясининг аксилтеррорчилик бўлинмаси Яман жанубидаги Хардамаут вилоятида "Арабистон яриморолидаги Ал-Қоида" террорчилик тармоғининг бир неча дала қўмондонини қўлга олиш бўйича операция ўтказди. Бу ҳақда Яман ҳукуматини қўллаб-қувватловчи араб коалицияси штабида 22 апрелда маълум қилинди.

Мавжуд маълумотларга кўра, махсус кучлар ва коалициянинг авиацияси иштирокидаги операция 22 апрелга ўтар кечаси амалга оширилган. Тезкор ҳаракатлар натижасида тармоқнинг бир неча етакчиларини қўлга олишга муваффақ бўлинган, улардан кўпчилиги бошқа давлатлардан ёлланган жангарилардир. Жангарилар Яман жанубида бир қатор терактларни амалга оширмоқчи бўлишган. 

Яман ҳарбийлари қўлига тушган дала қўмондонлари орасида "яманлик аз-Заркавий" сифатида маълум бўлган жангарилар етакчиси ҳам бўлган. Аз-Заркавий дейилганда "Ал-Қоида"нинг Ироқдаги бўлими етакчиси, иорданиялик Абу Мусаба аз-Заркавий назарда тутилган.  У 2006 йилда йўқ қилинган.