Икки америкалик тадқиқотчи Эмили Снефф ва Даниэль Аллен оламшумул топилма ҳақида маълум қилишди. Улар томондан Буюк Британия жанубидаги Чичестер давлат архивида пергамент қоғозга ишланган АҚШ мустақиллиги декларациясининг иккинчи нусхаси топилди. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда

Декларациянинг биринчи нусхаси Вашингтондаги миллий архивларда сақланади. 

Олимларнинг фикрича, ушбу нусха 1780-йилларда Нью-Йоркда ёки Филадельфияда яратилган ва дастлаб Чарльз Леннокс исмли герцогга тегишли бўлган.

АҚШда сақланувчи нусхадан фарқли ўлароқ, топилган нусхада имзолар штатлар бўйича ажратилмаган. 

АҚШнинг Буюк Британиядан мустақиллиги эълон қилинган ҳужжат 1776 йил 4 июлда 13 штат вакили томонидан имзоланган. Декларациянинг асл нусхаси АҚШ давлат мулки ҳисобланади ва инерт газ билан тўлдирилган ҳамда ўқ ўтказмайдиган шишадан тайёрланган шаффоф контейнерда сақланади. Кундузи декларация архив залида томошага қўйилади, кечаси эса контейнер ҳимояланган ертўлага туширилади.