Бугун, 23 апрель куни Тошкент вақти билан соат 23:45да «Реал» ва «Барселона» жамоалари ўртасида Испания чемпионатининг 33-турида класико баҳсидаги учрашувни бошлайди.

Қуйида ушбу баҳсда дисквалификация ёки жароҳатлар туфайли иштирок этмаслиги аниқ бўлган футболчилар келтириб ўтилади.

«Реал»
Пепе
Жароҳат: кўкрак қафасидаги жароҳат
Қайтиш вақти: май ойи боши

Мадридликларнинг португалиялик ҳимоячиси 9 апрель куни «Атлетико»га қарши ўйин вақтида жароҳат олганди. Ўшанда футболчи 67-дақиқада майдонни тарк этганди ва шундан кейин футбол ўйнамади. Унинг жароҳатини тузатиб, сафга қайтиши учун бир ой вақт кетади.

Рафаэль Варан
Жароҳат: бел қисмидаги жароҳат
Қайтиш вақти: Апрель ойи охири

Варанни мунтазам жароҳатлар таъқиб қилишда давом этмоқда. Февраль ойи охирида француз футболчи белининг ўнг қисмидаги мушакларни шикастлаб олганди ва бир ойдан ортиқ вақт давомида футбол ўйнамади. У даволаниб ўйинга қайтди ва «Алавес» билан ўйинга тушди. Аммо у бу ўйиннинг 11-дақиқасидаёқ сафдан чиқди. бу сафар белининг чап қисмидаги жароҳатини даволаётган ҳимоячи апрель ойи охирида майдонга қайтиши кутилмоқда.

Гарет Бэйл
Жароҳат: Болдир қисмидаги шикаст
Қайтиш вақти: яқин кунларда

Уэльслик футболчи «Бавария»га қарши сафардаги ўйин вақтида жароҳатланган ва 60-дақиқада ўйиндан олинганди. Ушбу жароҳат туфайли Бэйл Примера доирасида «Спортинг»га қарши ва ЕЧЛда мюнхенликларга қарши жавоб учрашувини ўтказиб юборди. 20 апрель куни ярим ҳимоячи умумий гуруҳ билан машғулотларда иштирок этди, аммо унинг класико учрашувида иштирок этиши эҳтимолдан йироқ.

«Барселона»
Алейш Видаль
Жароҳат: тизза бўғими ёрилиши
Қайтиш вақти: июль ойи охири

Видаль февраль ойида «Алавес»га қарши ўйин вақтида жиддий жароҳат олганди. Аввалига шифокорлар унинг оёғи синганини айтишди, кейинчалик эса унинг тизза бўғимида узилиш рўй бергани аниқланди. Унинг жароҳатдан тўла тузалиши учун 5 ой муддат талаб қилиниши айтилди. Март ойи охирида Видаль индивидуал дастур бўйича машғулотлар ўтказишни бошлади.

Рафинья
Жароҳат: тизза суяклари уланмасида жароҳат
Қайтиш вақти: август ойи

Бразилиялик футболчи «Гранада»га қарши ўйин вақтида жароҳатланганди. Аввалига у 4 ҳафтага сафдан чиққани айтилди. Аммо кейинроқ унинг тизза суяклари уланмасидан жиддий жароҳат олгани маълум бўлди ва у операцияга юборилди. Унинг жароҳатдан тўлиқ соғайиб, сафга қайтиши учун 4 ой муддат кетади. Шу тариқа унинг учун мавсум якунланди.

Неймар
Дисквалификация: 3та ўйин
Бразилиялик ушбу футболчи «Малага»га қарши учрашув вақтида ҳакам ёрдамчисига нисбатан спортга хос бўлмаган ҳаракат қўллагани учун 3 ўйинга дисквалификация қилинганди.