Интернетда дунёдаги жиноятчилик урчиган энг хавфли шаҳарларнинг янги рейтинги пайдо бўлди.

Numbeo портали маълумотига кўра, Венесуэла пойтахти Каракас шаҳри сайёрадаги энг хавфли шаҳар бўлиб қолмоқда. Рейтингда кейинги ўринларда Сан-Педро-Сула (Ҳондурас), Питермарицбург (Жанубий Африка Республикаси) ва Форталеза (Бразилия) шаҳарлари жойлашган. Кейинги ўринларда эса Селангор (Малайзия), Дурбан (Жанубий Африка Республикаси), Йоҳаннесбург (Жанубий Африка Республикаси), Ресифе (Бразилия), Претория (Жанубий Африка Республикаси) ва Рио де-Жанейро (Бразилия) шаҳарлари номлари келтирилган.

Рейтингга МДҲдаги шаҳарлардан Москва (174), Екатеринбург (118), Олмаота (132), Боку (308), Тбилиси (360) ва Ереван (291) шаҳарлари ҳам киритилган.

Дунёдаги энг хавфсиз шаҳар сифатида БАА пойтахти Абу Даби ва Германиядаги Мюнхен шаҳарлари қайд этилган.

Бундан олдинроқ дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлар рейтинги тузилган. Унда Финляндия биринчи ўринда, БАА ва Исландия иккинчи ҳамда учинчи ўринларда жойлашганди.

136 мамлакатдан иборат рейтингнинг қуйи поғоналарида Колумбия (136), Яман (135) ва Сальвадор (134) номлари кўрсатилган.