22 апрель куни Франциянинг денгиз ортидаги ҳудудларида президент сайлови бошланганди. Айни вақтга келиб ушбу ҳудудларда ўтказилган овоз беришлар натижалари маълум бўлган.

RTBF телеканали маълумотига кўра, Сен-Пьер ва Микелонда «Бўйсунмас Франция» ҳаракати раҳбари Жан-Люк Меланшон 35,45 фоиз овоз тўплаган, Франция президентлигига «Миллий фронт» партиясидан номзод бўлган Марин Ле Пен — 18,16 фоиз овоз олган, мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон — 17,97 фоиз, Франциянинг собиқ бош вазири Франсуа Фийон — 9,32 фоиз сайловчининг қўллаб-қувватловига эга бўлган.

Мартиникада Меланшон 27,36 фоиз овоз билан устунликка эришган, Макрон — 25,53 фоиз, Фийон — 16,85 фоиз, Ле Пен — 10,94 фоиз овоз олган.

Француз Гвианасида Меланшон 24,72 фоиз кишининг ишончига сазовор бўлди, Ле Пенга — 24,29 фоиз, Макронга — 18,75 фоиз, Фийонга — 14,66 фоиз киши ишонч билдирган.

Гваделупада Макрон устун келган —  30,32 фоиз. Меланшон — 23,99 фоиз, Фийон — 14,87 фоиз, Ле Пен — 13,47 фоиз тўплаган.

Сайловчилар рўйхатида қайд этилган 45 миллиондан ортиқ француз 11 номзод орасидан 7 май куни иккинчи босқичда президентлик лавозими учун курашадиган икки нафар номзодни аниқлаб беради.

Президентлик пойгасида «Маршда» ҳаракати асосчиси Эмманюель Макрон ва «Миллий фронт» етакчиси Марин Ле Пен етакчилик қилганди. Охирги сўровлар айнан шу сиёсатчиларда иккинчи босқичга чиқиш имконияти кўпроқлигини кўрсатганди.