Ёши улуғ нуронийларни эъзозлаш халқимизнинг эзгу қадриятларидан саналади. Уларни эъзозлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Бугун Андижон вилоят, Избоскан тумани Пойтуғ шаҳрида яқинлашиб келаётган Хотира ва Қадрлаш куни олдидан “Нуронийлар маскани” мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги саъй-ҳаракатлари билан шаҳар марказидаги истироҳат боғида бунёд этилган кексаларимиз учун маскан, янгича кўриниш касб этган хотира хиёбонини тақдим этиш тадбирида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

“Нуронийлар маскани”да кекса отахон ва онахонларимиз учун барча қулайликлар яратилган. Шарқона услубда қурилган муҳташам ва шинам бинода кутубхона, шахмат- шашка хонаси, спорт анжомлари билан таъминланган кичик зал, тиббиёт ва дам олиш хоналари нуронийлар хизматида.

Очилиш маросимида сўз олган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш тўғрисида сўзлаб, масканни ишга тушишида самарали меҳнат қилган Улуғбек Раҳимов бошчилигидаги туман ҳокимлиги мутасаддиларга миннатдорчилик билдирди.

Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган тўрт нафар фахрийларга бир марталик пул мукофотлари ҳамда навбатсиз тақдим этилган автомашина калитлари берилди.

Тадбир давомида имконияти чекланган инсонларга мурувват ёрдами кўрсатилиб, ногиронлик аравачалари топширилди. Истироҳат боғи майдончасида ёш рассомлар ўз ижодий ишлари кўргазмаси бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон