Япониянинг Mitsubishi компанияси Хитойда двигателлар ишлаб чиқарувчи ўзининг илк корхонасини қуришни режалаштирмоқда. Бу двигателлар шу ерда йиғилувчи Outlander кроссоверларига ўрнатилади. Бу ҳақда Nikkei нашри хабар бермоқда

Хунань вилоятида барпо этиладиган заводнинг қурилиши бир йил ичида бошланади ва унинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 150 мингта двигателни ташкил қилади. Лойиҳа қиймати 10 млрд йенга (92 млн доллар) баҳоланган. Шу завод эвазига компания Хитойда ўз мавқеини мустаҳкамламоқчи ва двигателларнинг Япониядан келтирилиши билан боғлиқ харажатларни қисқартирмоқчи.

Хитойда Outlander кроссоверлари Mitsubishi ва Guangzhou Automobile Group (GAC) компаниялари қўшма корхонасида ишлаб чиқарилади. 

Мутахассисларнинг фикрича, 2020 йилга келиб Хитойда янги автомобиллар савдоси жорий йилга нисбатан 10 фоизга ошиб, 30 млн донадан кўпроқни ташкил қилади. Бунда бозорнинг энг катта улуши айнан кроссоверларга тўғри келади.