«Барселона» ҳужумчиси Неймар Примеранинг 33-турида «Реал»га қарши ўтадиган ўйинни ўтказиб юборади. Бу ҳақда каталонияликлар клуби матбуот хизмати расман хабар берган.

Хабарда айтилишича, Испания Спорт трибунали (TAD) ўйин бошланишига 12 соат вақт қолганида «Барселона» томонидан Неймарнинг дисквалификацияси бўйича апелляциясини рад этган.

Бундан аввалроқ, TAD шанба куни «Барселона»нинг Неймар иши бўйича мурожаатини кўриб чиқиши хабар қилинганди.

Бироқ, суд маҳкамаси вақтида ўтказилмай қолгани туфайли, иш ҳал бўлмади. Шунинг учун ҳам, «Барселона» таваккал қилиб ўтирмади ва 0:3 ҳисобидаги техник мағлубиятга учрамаслик учун Неймарни ўйин заявкасига киритмади.

Бразилиялик ушбу футболчи «Малага»га қарши учрашув вақтида ҳакам ёрдамчисига нисбатан спортга хос бўлмаган ҳаракат қўллагани учун 3 ўйинга дисквалификация қилинганди.

«Реал» — «Барселона» баҳси бугун, 23 апрель куни Тошкент вақти билан соат 23:45да «Сантьяго Бернабеу» стадионида бошланади.