Португалиялик футболчи Криштиану Роналдунинг ўғли Кичик Криштиану Роналду отасига хос услубда амалга оширилган чиройли гол муаллифига айланди. 6 ёшли болакай ўз тенгқурлари билан футбол учрашувида жарима зарбасини отасига хос тарзда бажариб, рақиб дарвозасини ишғол қила олди. Кичик Криштианунинг бу голи видеосини Роналдунинг ўзи Instagram’да жойлаштирди.

"Ўзимнинг жажжи эркагим билан фахрланаман. Қандай гол!", деб ўз қувончини яшира олмаган машҳур футболчи.

Видеодан кўринишича, учрашув эпизодларидан бирида Кичик Роналду рақиб жамоа футболчилари томондан йиқитилган. Ушбу қоидабузарлик учун белгиланган жарима зарбасини болакайнинг ўзи бажаришга қарор қилган. У отаси каби, жарима зарбаси бериладиган нуқтадан бир неча қадам ортга ташлаб, оёқларини кенг очганча зарбага тайёргарлик кўрган ва тўпни бехато дарвозага йўллаган. 

Таъкидлаш жоизки, Роналдунинг ўғли икки йилдан бери футбол билан шуғулланади ва отаси изидан борадиган кўринади.