Қабристондан топилган пуллар Тошкентдан ҳам эмас, Нигериядан ҳам эмас, балки Эквадордан топилгани маълум бўлди. Катта қийматдаги пуллар айнан Эквадордан топилгани ҳақида The Republican News нашри хабар берди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу суратлар анчайин шов-шувга сабаб бўлганди. Кўплаб фойдаланувчилар бу пуллар Ўзбекистонда, гараж ичидан топилганини таъкидлашган эди. Бироқ барча шов-шувлар ва тасдиқлар “сохта” хабарлигича қолди.

Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ўтказилган брифингда ана шу миш-мишларга ойдинлик киритилган, бошқарма бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев мазкур сурат фотомонтаж эканлиги, Тошкентда бундай ҳолат аниқланмаганлигини маълум қилганди.

Бу пуллар нафақат Ўзбекистон, балки Нигерияда ҳам “машҳур” бўлиб кетди. Сабаби, Нигериянинг Иқтисодий ва молиявий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимларининг расмини фотошоп ёрдамида кесиб олиб, пуллар топилган қабристон суратини жойлаган. Натижада, интернет бўйлаб "12 миллион доллар Нигериядан топилди", деган хабарлар оммалашиб кетганди. 

Аслида эса бу пуллар Эквадор полициясининг халқаро гиёҳванд моддалар олди-сотдисини бартараф этиш бўйича амалга оширган махсус операцияси натижасида топилган. Бу ҳақида Эквадор полицияси ўзининг расмий твиттер саҳифасида  ҳам хабар берган.