Франциянинг собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон Франциядаги президентлик сайловларида 24 фоиз овоз тўплаб етакчилик қилмоқда. Қолган асосий номзодлар Марин Ле Пен, Франсуа Фийон ва Жан-Люк Меланшон 18 фоиздан 20 фоизгача овоз тўплашган, деб хабар бермоқда сайловчилар орасида ўтказилган сўровнома маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда Бельгиянинг RTBF телерадиокомпанияси.

Телеканалнинг таъкидлашича, сўровномалар бир нечта ижтимоий институтлар томонидан ўтказилган, бироқ уларнинг номлари келтирилмаган.

Францияда прогнозлар ва сайловчиларнинг сайлов участкаларидан чиқишларида улар орасида ўтказилган сўровномалар натижаларини овоз бериш якунланмагунча чоп этиш қонунан тақиқланган. Шу сабабли қўшни давлатлар, жумладан, Бельгия, Швейцария ва Германия ОАВ ўзлари олиб борган тадқиқот натижаларини чоп этадилар. Бироқ бу сўровномалардан олинган маълумотлар Францияда шубҳа остига қўйилади. Чунки амалиётнинг кўрсатишича, бундай маълумотлар баъзида нотўғри бўлиб чиққан.  

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 19.00да ёпилади, бироқ катта шаҳарларда овоз бериш 20.00гача давом этади. Шундан кейин сайлов натижалари ҳақида илк маълумотлар берила бошланади. 

Францияликлар янги президентлари номини 7 майда, сайловларнинг 2- тури ўтказилгандан кейин била оладилар.