АҚШда 23 апрелда чоп этилган жамоатчилик фикри сўровномаси натижаларига кўра, америкаликларнинг ярмидан кўпроғи АҚШ президенти Дональд Трампнинг фаолиятини маъқулламаяптилар.

NBC ва Wall Street Journal ўтказган сўровномага кўра, Трампнинг президент лавозимидаги фаолиятини 40 фоиз америкаликлар мақулламоқда, 54 фоизи эса маъқулламаяпти. Бундан ташқари, 35 фоиз респондентлар Трампнинг иш бошлашини яхши ёки жуда яхши деб, 64 фоизи эса ўрта ёки ёмон деб баҳолаган. Сўровнома 17-20 апрель кунлари ўтказилган, статистик хато 3,3 фоизни ташкил қилади.  

Деярли худди шундай натижалар ABC/Washington Post сўрономасида ҳам қайд қилинди: респондентларнинг 42 фоизи Трамп ишини маъқулламоқдалар, 53 фоизи маъқулламаяптилар. Ушбу сўровнома ҳам 17-20 апрель кунлари ўтказилган.

Трамп фаолиятини маъқуллаш рейтинги унинг АҚШ президенти лавозимини эгаллаб келаётган илк 100 куни ичида 1945 йилдан бери энг паст даражада бўлди. 

Трампнинг бу борадаги кўрсаткичлари аввалги президентларникидан анча ёмонроқдир. Мисол учун, ундан аввалги президент Барак Обама фаолиятини унинг президентлигининг биринчи ойлари 69 фоиз америкаликлар қўллаб-қувватлагандилар.

Шу билан бирга, Трампнинг баъзи соҳаларда олиб бораётган иши юқори баҳоланган. Мисол учун, президентнинг янги иш ўринлари яратишдаги сиёсатини 73 фоиз сўралганлар қўллаб-қувватлаганлар. Бироқ бу йўналишда ҳам Обама Трампни ортда қолдирди, унинг бу фаолиятини ўз вақтида 77 фоиз америкаликлар қўллаб-қувватлаганлар.   

Трампга овоз берганларнинг 2 фоизи ўз қарорларидан афсусланмоқдалар, 96 фоиз сайловчилар эса ўз қарорларини ўзгартирмаган бўлишларини айтганлар.

Сўровноманинг кўрсатишича, кўпчилик америкаликлар (61 фоиз) Трампнинг куёви Жаред Кушнернинг унинг маслаҳатчиси этиб тайинланиши, қизи Иванкага норасмий маслаҳатчи мақомида сиёсий қарорларни қабул қилишда иштирок этиш имконияти берилганини маъқулламаяптилар.

Ушбу сўровнома инглиз ва испан тилларида ўтказилган. Тадқиқотда 1004 респондент иштирок этган.