Агарда халқаро ҳамжамият тезкор чоралар кўрмаса, тахминан 20 миллион инсон яқин олти ой ичида очлик туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Бу ҳақда БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Жозе Грациану да Силва душанба куни Римда ташкилот Кенгаши сессиясини оча туриб маълум қилди.

"Агарда биз ҳеч нарса қилмасак, яқин олти ой ичида тахминан 20 миллион инсон очлик туфайли ҳаётдан кўз юмиши мумкин. Очлик нафақат инсонларнинг ҳалокатига сабаб бўлади, балки у ижтимоий беқарорликка ҳам олиб келади", - дея таъкидлаб ўтди у.

Грациану да Силванинг сўзларига кўра, тезкор чоралар биринчи навбатда Нигериянинг шимоли-шарқий қисмида, Сомали, Жанубий Судан ва Яманда очлик ҳамда тўйиб овқат емасликдан азият чекаётган кишиларни қутқариш учун кўрилиши лозим.

БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти Кенгаши сессиясида иш дастури ҳамда ташкилотнинг 2018-2019 йиллардаги бюджети кўриб чиқилади. Бюджетда энг устувор соҳалар белгилаб олинади. 

Кенгашда шунингдек ташкилотга аъзо давлатлар томонидан ҳар йилги мажбурий тўловларнинг янги миқдори ҳам муҳокама этилади. Таклифга кўра, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига аъзолар камроқ, бошқа давлатлар эса кўпроқ тўлаши мумкин.