АҚШнинг Electric Boat компанияси "Вирижиния" синфидаги сув ости кемаларини аёл ҳарбийларга мослашни бошлади. Бу ҳақда Navy Times нашри хабар бермоқда. Кеманинг ички тузилиши ва бошқарув органларини ўзгартириш режалаштирилган. Бундай ўзгаришлар амалга ошириладиган биринчи сув ости кемаси ҳарбийлар томонидан буюртирилган ва 2021 йилда флотга топшириладиган ракета ташувчи сув ости кемаси бўлади. 

Ҳозиргача АҚШ сув ости кемалари эркак экипажларга мослаб лойиҳаланган. Кемадаги душ кабиналари, турар жой бўлинмалари бир жинс вакиллари учун мўлжаллаб лойиҳаланган, баъзи бошқарув элементлари билакда куч бўлишини талаб қилади.  

Компания алоҳида душ кабиналари ва ётоқ жойларини жиҳозлашдан ташқари, кемани бошқариш органларини аёллар мослаб юмшоқроқ бошқариладиган қилиб лойиҳаламоқчи. Маховик ва дастаклар, ахборот табличкалари ва дисплейлар пастроқ қилиб ўрнатилади. Бундан ташқари, уч ярусли каравотлар аёл ҳарбийлар тепа койкаларга чиқа олишлари  учун нарвонлар билан жиҳозланади. 

АҚШ сув ости кемаларида аёлларнинг хизмат қилишига тақиқлов 2010 йилда бекор қилинган. Ҳозирда сув ости кемалари экипажларида 80 га яқин аёл зобит ва 50 га яқин аёл матрос хизмат қилади. Яқин йилларда бу тоифадаги аёл ҳарбийларнинг сони анча ошиши кутилмоқда. Бироқ флотда "гендер тенгҳуқуқлиги" тарафдорлари аёл денгизчилар орасида ҳомиладорлар сони ошиши билан ҳисоблашишларига тўғри келмоқда.

"Виржиния" синфидаги кўп мақсадли сув ости кемалари душман сув ости кемаларига қарши курашишга мўлжалланган. Кема Tomahawk қанотли ракеталари ва торпедоларидан ташқари, махсус операцияларни бажариш учун мўлжалланган қурилмалар: чуқур сув остига шўнғувчи қурилмалар, ғаввослар учун шлюз камераси, контейнер ёки ўта кичик сув ости кемасини палубага маҳкамлаш воситасига эга.