24 апрель, душанба куни «Толибон» жангарилари дея тахмин қилинаётган кишилар гуруҳи Афғонистоннинг шарқий Ҳост вилоятида жойлашган АҚШ базасига ҳужум қилди. Бу ҳақида расмийлар маълумотига асосланиб, Daily Sabah хабар берди. 

Манбада таъкидланишича, мазкур ҳужум АҚШ мудофаа вазири Жеймс Маттиснинг Кобулга ташрифига тўғри келган. 

Вилоят губернатори вакили Мубарез Муҳаммад Задроннинг сўзларига кўра, ҳужумчилар бомбани АҚШ бошқаруви остидаги Чапман лагерига кираверишда портлатишган. 

Ҳозирча қурбонлар ва жароҳат олганлар ҳақида маълумот берилмаган. 

"Мен Америка базаси дарвозаси олдидаги автомобилда портлатилган бомба ҳақида биламан, бироқ бизга батафсил маълумот олиш имкони берилмаяпти", - деди матбуот хизмати вакили. 

АҚШнинг Афғонистондаги идораси вакили капитан Уильям Сальвин автомобиль портлагани ҳақидаги хабарни тасдиқлади. У ҳалок бўлганлар бир неча киши эканини тахмин қилди.