Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Саудия Арабистонини аёллар ҳуқуқи бўйича комиссия таркибига киритди. The Independent шу ҳақида хабар берди. 

Энди қироллик вакили 45 мамлакатдаги ҳамкасблари қаторида "хотин-қизлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, бутун дунё бўйлаб уларнинг ҳаётига оид объектив фактларни қайд этиш ва жинсларнинг тенг ҳуқуқлилиги ҳамда аёллар имкониятларини кенгайтириш бўйича глобал стандартларни белгилаш" билан шуғулланади.

14 март куни қиролликда хотин-қизлар ҳуқуқи бўйича шахсий кенгаш ўз ишини бошлагани маълум қилинган эди. Таъкидлаш жоизки, бирлашма фаолиятининг бошланишига бағишланган маросимда аёлларнинг ўзи қатнашмаган - улар эркаклар билан видеоалоқа орқали алоқага чиқишган. 

Саудия Арабистонида меҳнат бозоридаги аёллар сонини оширишга доир дастур амалда бўлиб, ҳозирда уларнинг атиги 22 фоизигина иш билан банд. 2030 йилга бориб у ердаги аёллар умумий сонининг учдан бир қисмини ишга жойлаштириш режалаштирилмоқда.