Эстонияда 24 апрелда 25 та давлатдан 800 мутахассис иштирок этадиган катта кўламли Locked Shields халқаро кибермашғулотлари бошланмоқда. Бу ҳақда НАТОнинг Таллиндаги киберҳимоя марказининг матбуот хизмати маълум қилди. 

Locked Shields дунёдаги энг йирик кибермашғулотлардан бири бўлиб, 2010 йилдан бери ўтказиб келинади. НАТО 2008 йилда НАТОнинг Таллиндаги киберҳимоя маркази аккредитациясини тасдиқлаб, унга халқаро ҳарбий ташкилот мақомини берган. Ҳозир марказ ишида унинг ҳамкори сифатида 18 давлат: АҚШ, Эстония, Германия, Франция, Буюк Британия, Словакия, Италия, Литва, Латвия, Испания, Венгрия, Чехия, Польша, Нидерландия, Греция, Туркия, Австрия ва Финляндия иштирок этади.

Машғулотлар 24-28 апрель кунлари бўлиб ўтади. Бу йилги машғулотларда қўлланилувчи қурилмалар, тармоқлар ва технологиялар сони ўтган йилларгига нисбатан анча кўпайган. Машғулотлар ахборот технологиялари соҳасидаги мутахассисларга ўз малакаларини синаб кўриш имкониятини тақдим қилиш мақсадида ўтказилади. Бу мутахассислар давлат ахборот тармоқларини ҳимоялаш билан шуғулланадилар.

Машғулотлар сценарийсига кўра, жамоалардан бири ўйлаб топилган бир давлатнинг электр тармоқлари, дронлари, ҳарбий бошқарув тизимлари ва бошқа тузилмалари бошқа жамоа томонидан киберҳужумларга учраганда унинг ҳарбий базалари асосий хизматлари ва тармоқлари ишини таъминлаб бериши керак. Режага кўра, ҳужумлар сони 2,5 мингтага етиши керак.

Машғулотларда Siemens AG, Threod Systems, Cyber Test Systems, Clarified Security, Iptron, Bytelife, BHC Laboratory, openvpn.net, GuardTime каби компаниялар иштирок этади.