39 ёшли марказчи ва Франциянинг собиқ иқтисодиёт вазири, аввал сайловлар орқали эгалланадиган бирорта лавозимни эгалламаган Эммануэль Макрон Франциянинг кейинги президенти бўлиш учун катта имкониятларга эга. Макрон 23 апрелда Францияда ўтган президентлик сайловларининг 1-босқичида ғолиб бўлди. Макрон 7 май куни бўлиб ўтадиган 2-босқичда Марин Ле Пен билан учрашади. Шунга қарамай, бизга француз сиёсатининг порлаётган юлдузи ҳақида деярли ҳеч нарса маълум эмас.

Қуйида сиёсатчи ҳақида маълумотлар берилган.

Макрон 1977 йил 21 декабрда туғилган.

Лавозими: Иқтисодиёт, саноат ва ахборот технологиялари вазири  

Партияси: "Олға". Макрон 2016 йилда ўзининг партиясини ташкил этиш ва президентлик сайловларида иштирок этиш учун ҳукуматни тарк этган.

Сиёсий карьераси:
2012−2014 — иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи;
2012−2014 — президент ҳузуридаги бош котиб ўринбосари;  
2014−2016 — иқтисодиёт, саноат ва ахборот технологиялари вазири;  
2017 — "Олға" партиясидан президентликка номзод.

Макрон Амьен шаҳрида катта бўлган. Ота-онаси шифокорлар. Она шаҳридаги мактабни битириб, Парижга кўчиб ўтган ва у ердаги Генрих IV лицейи бакалавриатига, сўнгра сиёсий тадқиқотлар институтига ўқишга кирган.

Ўз вақтида пианиночи сифатида мусиқа танловларида мукофотлар билан тақдирланган. Фалсафа соҳасида магистр унвонига эга.

Макрон Франциянинг амалдаги президенти Франсуа Олланд каби Маъмурият миллий мактабида таълим олган. Бу ўқув масканидан кўплаб давлат хизматчилари ва сиёсий етакчилар етишиб чиққан. 

Сиёсий фаолияти 

Макрон бир вақтлар собиқ президент Франсуа Миттераннинг маслаҳатчиси бўлган. Миттеран Макроннинг заковатидан тасанно айтиб, унда "президент бўлиш салоҳияти" борлигини ишонч билан таъкидлаган.

2008 йилда Макрон давлат хизматидан кетиб, Rothschild инвестицион банкига ишга кирган ва тезда мансаб пиллапояларидан кўтарилган. Маълум қилинишича, Макрон Pfizer бўлинмасининг Nestlé компанияси томондан харид қилиниши битимини ташкиллаштиришда иштирок этган ва бу битим орқасидан 2 млн евро ишлаб олган.

Макрон Олланд ҳукуматига иқтисодий ислоҳотлар бўйича бош котиб ўринбосари ва маслаҳатчиси сифатида қўшилганда француз матбуоти уни "Елисей саройи Моцарти" деб атай бошлаган.   

2014 йилда Олланд Макронни иқтисодиёт вазири этиб тайинлаган ва у бир вақтлар иқтисодиёт вазири бўлиб, кейинчалик президент бўлган (1974-1981 йй.) Валери Жискар д'Эстен давридан бери энг ёш иқтисодиёт вазирига айланган.

Шахсий ҳаёти 

Макроннинг рафиқаси Брижит ундан 24 ёш катта ва шоколад ишлаб чиқарувчисининг вориси ҳисобланади. Уларнинг муносабатлари француз оммасини анчагина қизиқтиради. 

Улар Макрон 15 ёшда бўлганда танишиб қолишган. Ўшандаёқ аёл 3 нафар фарзанднинг онаси бўлган. Аёл Макронга француз тили ва театр маҳорати бўйича муаллимлик қилган. 2007 йилда улар Макроннинг ота-онаси қаршилигига қарамай, турмуш қуришган. Ҳозирда Брижитнинг 7 нафар набираси бор.

Брижит Макрон турмуш ўртоғининг нутқларини таҳрир қилиб беради.

Макрон "ўнглар билан ҳам, сўллар билан ҳам эмаслигини", у "Франция биланлигини" таъкидлаб келади. У ўзининг "Инқилоб" (Révolution) деб номланган китобида ўзини ўнг ҳам, либерал ҳам деб атайди.

Макрон март ойида британ бизнеси ва банкларини Парижга кўчиб ўтишга чорлаган дастурни чоп этган ва уларга корпоратив солиқни ҳозирги 33,3 фоиздан 25 фоизгача туширишга ваъда берган.  

У давлат харажатларини 60 млрд еврога ва давлат секторидаги иш ўринларини 120 мингтага қисқартиришга ваъда берган.

Бундан ташқари, Макрон иш бўйича таклифни бир неча маротаба рад этганлардан ишсизлик бўйича нафақани тортиб олишга, пенсия ёшини ва ишчи ҳафта давомийлигини қайишқоқроқ қилишга ваъда берган.

У томондан таклиф қилинаётган оммабоп чоралардан бири – 80 фоизга яқин оилаларни кўчмас мулк солиғидан озод қилишдир.

Макрон мактаблар учун кўпроқ эркинликни истамоқда, вазирларни компетентликка текширишни таклиф қилмоқда.

Макрон президент бўла оладими?

Макрон 7 май куни ўтказиладиган сайловларнинг 2-босқичига етакчи сифатида чиқди.

Сўровномаларга кўра, у кейинги босқичда 64 фоиз овоз билан ғолиб бўлади.

Ле Пен Франциянинг Европа Иттифоқидан чиқишини қўллаб-қувватлаши, Макрон эса аксинча, у билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга чақириши инобатга олинса, 7 майдаги овоз бериш Франциянинг Европа Иттифоқида аъзолиги масаласи бўйича ўзига хос референдум ҳам бўлади.