Иордания ахборот вазири Муҳаммад ал Мўмани Сурия президенти Башар Асаднинг Иордания Сурия жанубига АҚШ билан келишган ҳолда қўшинлар юбормоқчи экани ҳақидаги сўзларини рад этди. Бу ҳақда Иорданиянинг “Петра” агентлиги хабар берди.

Мўманининг сўзларига кўра, Асаднинг баёноти “ҳақиқатдан йироқ”.

"Сурия президенти Иорданиянинг позицияси ҳақида гапираётгани қайғули, бироқ, шу билан бирга, у ўз мамлакатининг катта қисмини назорат қила олмаяпти", - дея қайд этиб ўтган вазир.

Унинг маълум қилишича, Иорданиянинг Сурия можароси бўйича позицияси ўзгаришсиз қолади: унинг давлати Сурия ҳудудий яхлитлиги, можарони сиёсий йўл билан ҳал этиш ва террорчилик ташкилотларига қарши кураш тарафдори.

Аввалроқ Асад РИА Новости’га берган интервьюсида, Дамашқ Иорданиянинг АҚШ билан келишилган ҳолда Сурия жанубига қўшинлар юбориш режаси борлиги ҳақида маълумотга эга экани ҳақида маълум қилганди.