"Миллий фронт" партияси раиси Марин Ле Пен Франция президенти сайловларининг 1-босқичида етакчилик қилмоқда. Бундан сайловларни ташкиллаштириш ва уларга якун ясашга жавобгар бўлган Франция ички ишлар вазирлигининг расмий маълумотлари дарак бермоқда.

30 фоиз овозлар ҳисоб-китоб қилингач, Ле Пен 24,78 фоиз овоз тўплади. Унинг асосий рақиблари Эммануэль Макрон 21,75 фоиз, Франсуа Фийон 19,65 фоиз, Жан-Люк Меланшон эса 17,96 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлдилар.

Шу тариқа, сайловларнинг 2-босқичига Ле Пен ва Макрон ўтмоқда.

Дастлабки натижалар эълон қилингандан кейин Ле Пен у ва унинг тарафдорлари Елисей саройига йўлда биринчи босқични босиб ўтишганини айтди. Унинг айтишича, 2-босқичда у "халқ номзоди" бўлади.

"Сизнинг олдингизда оддий танлов турибди: ҳимоясиз, чегарасиз давлат, жаҳон рақобати, оммавий миграция ёки чегараларга эга, бизнинг ишчи ўринларни, харидорлик қобилиятимизни, хавфсизлик ва суверенитетимизни ҳимоя қила оладиган Франция", деб айтди Ле Пен.

Макрон, ўз навбатида, Франция бугун "сиёсий ҳаётида янги саҳифа очаётганини" айтди. Унинг таъкидлашича, "французлар ўзларининг янгиланишга бўлган истакларини билдирдилар".