Футбол оламида Испаниянинг икки гранд жамоаси «Реал» ва «Барселона» ўртасида кечадиган «Эл-класико»нинг ўз ўрни бор. Қуйида сўнгги 10 йилда бўлиб ўтган «эл-класико»ларнинг сўнгги дақиқаларда ҳисоб ўзгарган 7 учрашувига доир жамланмани ҳавола қиламиз. «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтган фантастик учрашувдан сўнг, «Барса» ва «Реал»нинг охирги дақиқаларда ҳал этилган ўйинларини ёдга олишингиз мумкин. 

 

«Барселона» — «Реал» — 3:3, Ла Лига, 2007 йил

Голлар: Ван Нистелрой (5, 14), Рамос (73) – Месси (11, 28, 90+1)

2007 йилги ўйиннинг бош қаҳрамони, 10 йилдан кейин узун сочларини кесадиган, қалин соқол қўядиган ва рақиб жамоани яна тиз чўктирадиган ёш футболчи бўлган эди. 19 ёшли Лео Месси «Камп Ноу» стадионида мадридлик меҳмонлар дарвозасини уч бора ишғол қилди. Ван Нистелрой ва Рамос «Реал» ғалаба қозониш учун барчасини тўғри бажаришди, аммо Месси қўшиб берилган вақтнинг илк дақиқасида «қироллик» клуби режаларини барбод қилди. Ўша кеча Европада янги футбол даҳоси ҳақида шов-шув кўтарилди. 

 

«Барселона» — «Реал» — 2:0, Ла Лига, 2008 йил

Голлар: Это’О (82), Месси (90+1)

2008 йилда Гвардиола бошқарувида ўзининг илк мавсумини ўтказаётган «Барса»да муаммолар талайгина эди. Бироқ, уларнинг аҳволи ўша вақтдаги «Реал»га қараганда бирмунча яхшироқ эди. Шу ўйиндан бир неча ой ўтгач, қаймоқранглилар ўз тарихидаги энг аламли мағлубиятлардан бирига учрайди. «Бернабеу» 2:6 ҳисобида имкониятни бой беради. 2008 йил қишида эса Хуанде Рамос жамоасига «Камп Ноу»да дурангни сақлаб қолиш учун 10 дақиқа етмади. Ҳужумчилар Самуэль Это’О ва Лео Месси жамоаси ғалабасини таъминлашди. 

 

«Барселона» — «Реал» — 3:2, Испания Суперкубоги, 2011 йил

Голлар: Иньеста (15), Месси (45, 88) – Роналду (20), Бензема (82)

«Камп Ноу» стадиони мухлислар билан лиқ тўлган. Сеск Фабрегаснинг ўз жамоасига қайтганидан сўнгги илк ўйини. 3та қизил карточка, ўйин охиридаги тўполон ва яна Мессининг охирги дақиқалардаги ғалаба келтирган голи. Суперкубок финали учун бундан ортиғи бўлмаса керак. Мусобақа унчалик ҳам обрўли саналмаса-да, «Барса» ва «Реал»дан иккинчи даражали футболни кутиш нотўғри бўлади. «Барселона» икки марта олдинга чиқиб олди, «Реал» икки марта ҳисобни тенглаштирди. Бироқ сўнгсўзни каталонияликлар айтди. 

 

«Реал» — «Барселона» — 3:4, Ла Лига, 2014 йил

Голлар: Бензема (20, 24), Роналду (55) – Иньеста (7), Месси (42, 65, 84)

Айтинг-чи, сўнгги маротаба бир ўйинда 7та гол урилган «класико»ни хотирлай оласизми? Ҳа, бир неча йил муқаддам «Барса» ва «Реал» Мадридда ажойиб ўйин намойиш қилган эди. Иккала жамоа ҳам ҳимоя нима эканлигини унутиб қўйганди. Ўшанда ҳам Лионель Месси ўз ўйинини намойиш қилан ва унинг хет-трики каталонияликлар ғалабасини таъминлаган эди. 

 

«Барселона» — «Реал» — 1:2, Испания кубоги, 2014 йил

Голлар: Бартра (68) – Ди Мария (11), Бэйл (85)

Ушбу мавсумда икки жамоа яна битта томоша кўрсатишди. Ўша кунги ўйин Марк Бартра фаолиятидаги энг ёдда қоларли ўйин бўлган бўлса ажаб эмас. Айнан у Касильяс дарвозасини боши билан ишғол қилган эди. Албатта, ғалаба тўпини киритган Гарет Бэйл ижросини қайд этмасликнинг иложи йўқ. 

 

«Барселона» — «Реал» — 1:2, Ла Лига, 2016 йил

Голлар: Пике (56) – Бензема (62), Роналду (85)

Бу ўйин «Барселона»нинг ўтган йилги чемпионлик курашига нуқта қўйиши мумкин бўлган ўйинлардан бири. Ўйиннинг энг қизиқ лаҳзалари иккинчи таймда рўй берди. Херард Пике ҳисобни очган бўлса, Бензема тенглаштирди, ўйин тугашига 5 дақиқа қолганида Криштиану Роналду «Камп Ноу»ни совуқ терга ботирди. 

 

«Барселона» — «Реал» — 1:1, Ла Лига, 2016 йил

Голлар: Суарес (53), Рамос (90)

Ниҳоят, ўйиннинг сўнгги лаҳзаларида гол уруш нашидасига доир яна бир мисол. «Барселона» мавсум бошидаёқ, бу сафар барчаси силлиқ кечмаслигини кўрсатишга улгурди. Каталонияликлар Суареснинг голи ҳисобига олдинга чиқиб олишди, аммо Маскеранонинг йўқ жойдан жарима тўпига сабаб бўлгани дурангга сабаб бўлди. Модричнинг ажойиб жарима тўпидан сўнг, Рамос қаҳрамонга айланди. У рақиб жарима майдонида боши билан дуранг қайд этилишига ҳисса қўшди.