Ўзбекистон Марказий банки "Якка тартибдаги тадбиркорлар томондан миллий валютадаги банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида"ги Низомга ўзгартиришлар (рўйхат рақами 1850-2, 2017 йил 19 апрель) киритди. 

Янги ўзгаришларга кўра, эндиликда якка тартибдаги тадбиркорлар банк карталари орқали нафақат ишлаб чиқариш эҳтиёжлари билан боғлиқ тўловларни амалга оширишлари, балки исталган товарни харид қилишлари ёки исталган кўринишдаги хизматга ҳақ тўлашлари мумкин бўлади. 

Бундан ташқари, тадбиркор ўз банк картасини бошқа шахсларга ишлатиш учун бериши мумкин.

Бундай тўловлар амалга оширилганда квитанция ва счётлар асл нусхалари, уларга илова қилинадиган ва терминал орқали тўловни қабул қилган хизматчи томондан имзоланган ҳамда "тўланди" печати қўйилган банкомат, инфокиоск ва терминал квитанциялари ҳисобот ҳужжатлари ҳисобланади. Шу билан бирга томонлар, яъни сотувчи ва банк картаси эгаси ўртасида тегишли шартнома тузишга ҳам ҳожат бўлмайди.