Шимолий Корея ҳокимиятга Ким Чен Ин келгандан кейин ракеталарга қарши мудофаа тизимларини кучайтириш бўйича амалга оширилган чораларга қарамасдан, Жанубий Корея ва АҚШ ракеталарини уриб туширишга имконияти йўқ. Бу ҳақда Жанубий Кореядаги Кёнсан-Намдо вилояти университетининг Узоқ Шарқ масалалари институти таҳлилчиларининг 24 апрелда чоп этилган хулосаларида айтилган.

"Рёнхап" ахборот агентлигининг маълум қилишича, ушбу маълумотлар "Шимолнинг ядровий ва ракета дастурлари ҳақидаги маъруза" деб номланган ҳужжатда келтирилган.  

Мутахассисларнинг фикрича, Шимолий Корея айни вақтда унда мавжуд бўлган РҚМ тизимлари билан АҚШ ва Жанубий Корея берган ракета зарбаларига қаршилик кўрсата олмайди.

Ахборот агентлигининг таъкидлашича, маъруза Жанубий Корея қуролли кучлари "Kill-Chain" деб номланган, Шимолий Кореяга огоҳлантирувчи зарба бериш тизимини ишлаб чиқиш билан шуғулланаётган бир пайтда чоп этилди. Бу тизим 2022 йилгача тайёр бўлади. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Шимолий Корея Пхеньянни ва асосий ҳарбий базаларини ракета зарбаларидан ҳимоялаш тармоғини 1950-1953 йиллардаги Корея уруши тажрибасидан келиб чиқиб қурган.

Маълум қилинишича, айни вақтда Шимолий Корея 30 км гача уча оладиган "ер-ҳаво" туридаги 179 та SA-2  ракетаси, 150 км таъсир доирасига эга 38 та SA-5 ракетасига эга. Шунингдек, Шимолий Кореяда 15 км гача уча оладиган SA-3 ракеталари ҳам мавжуд.

Жанубий кореялик мутахассисларнинг айтишича, бу ракеталар ўтган асрнинг 50- ва 60-йилларида ишлаб чиқилган ва АҚШнинг "Пэтриот" – PAC-2 тизимларидан кўрсаткичлар бўйича анча ортда қолади. Айни вақтда Шимолий Корея ўз ракеталарини модификация қилиш ва ўзиюрар пуск қурилмаларини яратишга ҳаракат қилмоқда.

"Ҳозирча Шимолий Корея АҚШ ва Жанубий Корея ракета зарбаларидан мустақил ҳимоялана олувчи воситаларга эга дейиш қийин", деб айтди мутахассислардан бири.

Аввалроқ маълум қилингандек, Жанубий Корея Шимолий Кореядаги муҳим объектларни йўқ қилишга мўлжалланган "денгиз-ер" туридаги янги тактик ракеталарни яратиш ишларини якунлаган ва кейинги йилдан уларни ишлаб чиқаришни бошлайди. Таъкидланишича, бу ракеталарнинг жанговар каллаги зирҳли техникани ва иккита футбол майдонига тенг ҳудуддаги барча нарсани йўқ қилишга қодир.  

Шимолий Корея эса, керак бўлса ўзи АҚШнинг Жанубий Корея ва Япониядаги базаларига ҳамда ҳарбий кемаларига зарба бера олишини таъкидлаб келади. Шимолий Корея яқинда ўтказган синовлар унинг баллистик ракеталари Япония соҳилларигача ета олиши мумкинлигини кўрсатган. Шимолий Кореянинг таъкидлашича, бу ракеталар АҚШ ҳудудигача ҳам етиб бориши мумкин.