АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон Украина президенти Пётр Порошенко билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, Американинг Россияга қарши санкциялари ўз кучида қолишини таъкидлади. Бу ҳақда давлат департаменти расмий вакили в.б. Марк Тонер маълум қилди.

"Давлат котиби Тиллерсон АҚШ Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини эътироф этишини таъкидлаб, Россия Қрим ярим оролини Украинага қайтармаса ва Минск келишувлари бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармаса, сакнциялар ўз кучида қолишини тасдиқлади", — деган Тонер.

"Давлат котиби бугун Украина президенти Пётр Порошенко билан телефон орқали суҳбатида яқинда Москвага амалга оширган сафарини муҳокама қилди. У Россиянинг Шарқий Украинадаги ҳаракатлари икки мамлакат муносабатларини яхшилашга тўсиқ бўлаётганини Москва маъмуриятига билдирганини маълум қилди. Давлат котиби, шунингдек, Украина ислоҳотлар ўтказиш ва коррупцияга қарши курашишда сезиларли натижаларга эришиши муҳимлигини айтди", — дейилади Тонер баёнотида.