Apple раҳбари Тим Кук 2015 йилда Uber асосчиси Трэвис Каланикка унинг иловасини App Store'дан ўчириб ташлаш билан таҳдид қилганди, зеро компания iPhone эгаларининг конфиденциаллиги тўғрисидаги қоидаларни бузган. The New York Times шу ҳақида хабар берди. 

Кук Каланикни ўз идорасига чақирган, зеро у Каланикнинг App Store модераторлари Uber'нинг кузатиш воситаларини аниқлай олмаслиги учун ўз ходимларига иловада заифлик топиш топшириғини берганидан хабар топганди. Uber'да таъкидланишича, фойдаланувчиларни кузатиш дастури асосан хитойлик такси ҳайдовчиларининг фирибгарлигига чек қўйиш мақсадида қўлланган. 

Нашрда маълум қилинишича, восита смартфон эгаси ҳатто Uber иловасини ўчириб ташлаганидан кейин ҳам уни кузатишда давом этган.

Каланик Кук билан учрашиб, таваккал қилмасликка қарор қилган ва дастурга чек қўйган, чунки Uber учун App Store'дан ўчирилиш бутун дунё бўйлаб миллионлаб мижозларнинг йўқотилишини англатар эди.