24 апрель куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси томонидан журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди. 

Эслатиб ўтамиз, мазкур Давлат қўмитаси президентнинг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан ташкил этилганди. 

Тадбир давомида Автомобиль йўллари давлат қўмитаси жорий йилнинг 1-чораги давомида амалга оширилган ишлар бўйича ўз ҳисоботини тақдим этди. Маълум бўлишича, инвестиция дастури бўйича 59,7 млрд.сўм, капитал таъмирлаш бўйича 9,4 млрд. сўм, жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари бўйича эса 195,3 млрд. сўм миқдоридаги реконструкция ишлари амалга оширилган. Шунингдек, 710 километрдан ортиқ умумий фойдаланувдаги автомобиль йўллари яхшиланган. Бундан ташқари, манзилли дастурлар асосида республика бўйлаб жами 1255,6 км ички йўллар ва кўчалар таъмирланган ва бу ишлар айни дамда ҳам жадал суръатда давом этмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси президентининг “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, икки йил давомида 5454 км (2017 йилда – 2700 км, 2018 йилда- 2754 км) масофадаги йўлларни капитал ва жорий таъмирлаш кўзда тутилган.