Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасида янги консулхоналар очиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда вазирнинг биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов маълум қилган

Унинг маълумот беришича, Ўзбекистон консулхоналари Россиянинг Санкт-Петербург, Қозон, Ростов, Екатеринбург, Владивосток, шунингдек, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳарларида очилиши режалаштирилмоқда.

У хориждаги консулхоналардаги ходимлар сони ҳам оширилишини таъкидлаган.

Вазир ўринбосарининг айтишича, Ташқи ишлар вазирлиги ва энг аввало Ўзбекистоннинг Россиядаги консулхоналари мамлакатдан четга миграция оқими бу қадар шиддат билан ўсишига тайёр эмасди.

Россияда айни вақтда фақат Москва ва Новосибирск шаҳарларида консуллик бўлимлари мавжуд. Бу Россиядаги кўп сонли ўзбекистонликларга етарли хизмат кўрсатиш имкониятини бермаяпти.

«Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, президентнинг виртуал қабулхонаси очилганидан буён Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти бўйича 3 минг мурожаат келиб тушган, шунинг учдан икки қисми консуллик-ҳуқуқий характердаги масалаларга оиддир», — деган Ваҳобов.

Жумладан, фуқаролар паспортларни алмаштириш, ҳужжатларни расмийлаштириш, чет элда яқинларининг ўлими сабабларини аниқлаш, марҳумларни олиб кетиш бўйича ёрдам кўрсатиш, чет элларда қўзғатилган жиноий ишларнинг холис тафтиш этилишига кўмаклашиш, алимент, нафақа олишда ёрдам бериш сингари масалаларда мурожаат қилган.

Чет элда фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вазирлик Консуллик йўриқномасининг янги таҳририни ишлаб чиққан. Айни пайтда лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Ҳужжатга биноан, консул чет элда маълум сабабларга кўра молиявий имкониятларсиз қолган Ўзбекистон фуқароларига моддий ёрдам бериш функциясини ҳам бажаради. Моддий ёрдам олишда нотариал тасдиқланган ҳужжатга тенглаштирилган келишув имзоланади. Фуқаро шу йўл билан ватанига қайта олади, аммо 30 кун ичида олинган суммани қайтариши лозим бўлади.

Жавлон Ваҳобовнинг сўзларига қараганда, Консуллик йўриқномаси лойиҳасида консуллик хизматлари доираси кенгайтирилиб, Ўзбекистон фуқароларининг чет элда овоз бериш ҳуқуқини амалга оширишига кўмак бериш, одам савдоси қурбонларига ёрдам кўрсатиш, ҳужжатларини йўқотган фуқароларга мамлакатга қайтиш бўйича кўмак бериш сингарилар қўшилган. Бундан ташқари, таъкидланишича, кўпчилик консуллик хизматлари интерактив шаклда, онлайн режимда тақдим этилади.