Ўзбекистон Республикаси президентининг «2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Қарор матнига кўра, истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш чора-тадбирларини изчил амалга ошириш, замонавий тежамкор ва энергияни иқтисод қиладиган технологияларни жорий этиш асосида иссиқлик таъминоти тизимининг асосий фондларини янгилаш ва модернизациялаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мақсадида қуйидагилар республикада иссиқлик таъминоти тизимини янада ривожлантиришнинг устувор вазифалари этиб белгиланган:

- иссиқлик таъминоти тизимига энергия ва ресурсларни тежайдиган янги технологиялар ва ускуналарни, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда жорий этиш;

- энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, шунингдек, хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш йўли билан кўп хонадонли уй-жой фонди, ижтимоий ва бошқа объектларнинг номарказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш;

- жисмонан ва маънан эскирган, тежамкор бўлмаган қозонхона агрегатларини алмаштирган ҳолда ишдан чиққан магистрал ва тақсимлаш иссиқлик тармоқларини модернизация ва реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш;

- энергия ресурслари истеъмол қилиниши ва ишлаб чиқарилишининг меъёр бўйича ҳисобга олинишини ташкил этиш, истеъмолчиларнинг иссиқлик таъминоти хизмати ҳақини ҳисоблаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган ҳисоб-китоб тизимини жорий этиш;

- ноишлаб чиқариш харажатлари ўсишига йўл қўймаслик ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилишда меъёридан ортиқча нобудгарчиликларни камайтириш ҳисобига сарф-харажатларни қисқартиришга йўналтирилган иссиқлик таъминоти тизимида ягона техник сиёсатни амалга ошириш.

Қарорга кўра 2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тасдиқланади ва  у қуйидагиларни ўз ичига олади:

- 2018–2022 йилларда маҳаллий қозонхоналарни модернизациялаш ва реконструкция қилиш;

- 2018–2022 йилларда энергия самарадорлиги юқори бўлган маҳаллий қозонхоналар қуриш, жумладан, гелиоқурилмаларни қўллаш;

- 2018–2022 йилларда марказий қозонхоналарни модернизациялаш ва реконструкция қилиш;

- 2018–2022 йилларда иссиқлик тармоқларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш;

- 2018–2022 йилларда хонадонларга якка тартибда ички иссиқлик таъминоти тизимини ўрнатиш;

- 2018–2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш комплекс тадбирлари.

Қарорда тасдиқланадиган Дастурни амалга оширишни молиялаштириш манбалари ҳам кўрсатиб ўтилган.

Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси А.Ж.Раматов зиммасига юкланди.