Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоат ташкилотлари иштирокида 20 апрелдан 26 майгача мамлакат миқёсида ижтимоий ҳимояталаб оилалар ва Меҳрибонлик уйларидан бўлган 620 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ҳамда 3280 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилади. Бу ҳақда Федерация матбуот хизмати хабар берган.

Ушбу мақсадларда Касаба уюшмалари Федерацияси мамлакат миқёсида энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилалар, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг яшаш шароитлари, ҳол-аҳволларини ўрганиб чиқди. Аниқланган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйларини ўтказишда кўмакка муҳтож бўлган қатор оилалар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари рўйхати шакллантирилди.

Ҳудудларда ўтказилаётган никоҳ ва суннат тўйлари энг кўркам ва шинам тантаналар саройларида ташкил этилиб, келин-куёвлар ва тўй болалар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналарга мувофиқ кутиб олинмоқда.

Ҳар бир туманнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда махсус ишлаб чиқилган тадбирлар дастури турли ҳудудларда ташкил этилаётган хайрия никоҳ ва суннат тўйлари мазмунини янада бойитмоқда. Хусусан, тантаналар давомида тўйлар бўлиб ўтаётган туманга хос миллий анъана ва қадриятларни намойиш этувчи саҳна кўринишлари, ривоят ва маталлар, халқ оғзаки ижодидан намуналар, миллий спорт ўйинлари бўйича мусобақалар ташкил этилаётгани никоҳ ва суннат тўйларининг ҳар бирига ўзига хос, бир-бирини такрорламайдиган мазмун бахш этиб, кўтаринки кайфиятда ўтишини таъминламоқда.

Никоҳ тўйлари ўтказилаётган ҳар бир келин-куёвга замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, тўй болаларнинг ҳар бирига эса китоблар жамланмаси ҳамда Халқ банки бўлимларида болажонлар номига очилган ҳисоб рақамларига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчалари тантанали равишда топширилмоқда. Бундан ташқари, янги оила қурган ёшларга никоҳ узуклари, келин-куёвлар ҳамда тўй болаларга байрамона миллий либослар ва сарполар ҳадя этилмоқда.

«Хайрия тадбирларининг яна бир муҳим жиҳати шуки, никоҳ тўйлари арафасида келин-куёвларнинг иш билан таъминланганлик ҳолати атрофлича ўрганилиб, тегишли тартибда ёшларни ишга жойлаштириш тадбирлари кўрилди. Иш билан таъминланишга муҳтож бўлган келин-куёвларга никоҳ тўйларида меҳнат дафтарчаларининг топширилиши яна бир ажойиб совға бўлди», дейилган хабарда.