Тошкент шаҳри ва Ўзбекистон ҳудудларида газ таъминоти объектлари қисми газ тақсимлаш тармоқларидан фойдаланиш ва табиий газни сотиш учун хусусий операторлар ваколатли бошқарувига ўтказилади. Бу президентнинг 20 апрелдаги қарорида кўзда тутилган, деб хабар бермоқда Газета.uz.

Тажриба лойиҳаси доирасида пойтахтда хусусий операторга Бектемир туманининг «Бектемиртумангаз» туман эксплуатация хизмати объектларини ўтказиш мўлжалланмоқда. Қорақалпоғистонда «Кегейлитумангаз», Андижон вилоятида - «Шаҳрихонтумангаз», Бухорода — «Когонтумангаз», Жиззахда — «Зоминтумангаз», Қашқадарёда — «Қаршитумангаз», Навоийда — «Қизилтепатумангаз», Наманганда — «Намангантумангаз», Самарқандда — «Нарпайтумангаз», Сурхондарёда — «Жарқўрғонтумангаз», Сирдарёда — «Янгиершаҳаргаз», Тошкентда — «Янгийўлтумангаз», Фарғонада — «Олтиариқтумангаз» ҳамда Хоразм вилоятида «Янгиариқтумангаз» филиали объектлари ваколатли бошқарувга ўтказилади.

Қарорда таъкидланишича, қарор газ таъминоти тизимига бозор механизмларини жорий этиш ва самарали бошқариш тизимини яратиш, унинг модернизацияси учун сармоялар жалб этиш, хизматлар сифатини яхшилаш ва етказиб берилган табиий газ учун ўз вақтида тўловлар қилинишини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Ваколатли бошқарувни 1 июндан жорий этиш режалаштирилмоқда. Хусусий операторлар танлов бўйича саралаб олинади. Улар томонидан табиий газни сотиш, уни реализация қилиш учун лицензия олмаган ҳолда амалга оширилади. Уларга газ савдоси ҳажмининг 21 фоизидан кўп бўлмаган комиссия мукофоти кўзда тутилган. Хусусий операторлар, ходимлари сонидан қатъий назар, ягона солиқ тўловини тўлайди.