АҚШ молия вазирлиги Суриянинг Идлиб вилоятида амалга оширилгани тахмин қилинаётган кимёвий ҳужумдан кейин Сурияга нисбатан санкцияларни кенгайтиришини маълум қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.  

"Бу санкциялар тинч аҳоли, аёллар ва болаларга кимёвий қурол қўллаб ҳужум қилган суриялик диктатор Башар Асад қўшинларига илмий кўмак кўрсатган марказга қаратилган", деб айтилди АҚШ молия вазирлигида.

Санкциялар таъсири остига Суриядаги илмий тадқиқотлар ва ишланмалар марказининг 271 нафар ходими тушди. Таъкидланишича, гап кимё ёки унга яқин бўлган соҳаларда фаолият юритувчи ҳамда 2012 йилдан бери кимёвий қуролланиш дастурлари марказида ишлаган ходимлар ҳақида бормоқда.