Американинг Арканзас штатида душанба куни қотилликда айбланган икки шахс қатл этилди. Ҳар икки ҳукм заҳарли инъекция орқали амалга оширилган, деб хабар берди Associated Press (AP) агентлиги.

Маҳаллий ОАВнинг эътибор қаратишича, бу АҚШда сўнгги 17 йил ичида бир кунда бирданига икки нафар жиноятчининг қатл этилиши билан боғлиқ биринчи ҳолатга айланди. Охирги бор шундай вазият Техасда 2000 йилда рўй берган.

Душанба куни биринчи бўлиб 52 ёшли Жек Жонс қатл этилди. У 1996 йилда аёлни зўрлагани ва ўлдиргани ҳамда унинг 11 ёшли қизини ўлдиришга урингани учун олий жазога ҳукм этилганди. Жонс шунингдек Флорида штатида ҳам худди шундай жиноятда айбланган. Заҳарли инъекция унга Арканзас маъмурий маркази бўлган Литл-Рокдан 120 километр шимоли-шарқда жойлашган қамоқхонада юборилди.

45 ёшли Марсел Уильямснинг қатли эса ҳимоячилари туфайли бироз ортга сурилганди. Ҳуқуқшунослар 1997 йилда аёлни ўлдириш ва яна икки қурбонни олиб қочишда айбланган шахс қамоқхонада ортиқча вазнга эга бўлгани ва қатор хасталикларга чалинганини иддао қилишди. Литл-Рок округ судьяси Уильямс адвокатлари мурожаатини қондирди, бироқ бир соатдан сўнг бу қарор бекор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Арканзас Олий суди февраль ойида штатда 12 йиллик танаффусдан сўнг ўлим жазосини тиклашга рухсат берди. Бироқ, ўшанда инъекциялар учун керакли бўлган препаратлар тақчиллигига дуч келинганди. Янги препарат эса бир неча кун аввал харид қилинди, ҳамда кейинги йилнинг августига қадар ишлатилиши мумкин.

Штат губернатори Аса Хатчинсон апрель ойида саккизта ўлим жазосини амалга ошириш ҳақида қарор чиқарди. Бундай шошилинч қадам тинчлантирувчи препаратнинг яроқлилик муддати якунланишига қадар улгуриб қолиш билан боғлиқ.

Арканзас 2005 йилдан бери олий жазога ҳукм қилинганлар қатл этилмайдиган ягона жанубий штат бўлиб келганди. Бунга ўлимга олиб келувчи инъекция юборилиши билан боғлиқ суд жараёнлари сабаб бўлди.

19 апрель куни эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси раҳбари Михаэль Линк АҚШнинг Арканзас штатида бир неча ўлим жазосини қисқа муддат ичида амалга оширилишидан ташвишда эканини билдирди. Бюро директори АҚШ ҳукуматини ўлим жазосини бутунлай бекор қилиш ҳақидаги масалани яна бир карра қайта кўриб чиқишга чақирди. 

Маълумот учун, АҚШда ўлим жазоси ҳаммаси бўлиб 31 та штатда рухсат берилган.