АҚШнинг B-52Н стратегик бомбардимончи самолётининг Гуамда фалокатга учрашига қуш сабаб бўлган. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда.

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари вакилининг айтишича, 2016 йил 19 майда юз берган фалокатга қушнинг двигателга тушиши сабаб бўлган. Терговнинг аниқлашича, қуш двигателга тушгач, самолёт ҳавога кўтарилиш вақтидаёқ тортиш кучини йўқота бошлаган ва учувчи самолётни фавқулодда қўндиришга қарор қилган. 

Бироқ қўниш вақтида самолётнинг тезлигини ҳаттоки тормоз парашютлари билан ҳам мақбул ўлчамларга туширишнинг иложи бўлмаган ва 112 млн долларлик самолёт учиш-қўниш йўлакчаси ташқарисига чиқиб кетиб, алангаланиб, буткул ёниб кетган. Самолёт экипажининг барча 7 аъзоси самолётни тарк этишга муваффақ бўлган.  

Учувчининг айтишича, самолётдаги асбоблар тортиш кучининг кескин тушишини қайд қилганда, у бу пайтда ҳавода қушлар учиб юрганини кузатган.