Жорий йилнинг 18 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ўртасида қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича Пекин ва Урумчи шаҳарларида учрашув ва музокаралар бўлиб ўтди.

Музокаралар дастлаб ХХРнинг Конфуций номидаги институтда бўлиб ўтди. Ўзбекистон томонидан учрашувда Тошкент Давлат аграр университети ректори Б.Сулаймонов ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг ташқи алоқалар ва инвестициялар жалб қилиш шўъба мудири М.Мурталибов, Хитой томонидан  Конфуций номидаги институт Бош директорининг ўринбосари Жианг Вей, Конфуций номидаги институтнинг ташқи алоқалар департаментининг икки нафар вакили ва Шинжон аграр университети ректори Жиан Пинг Ан иштирок этди. Ушбу учрашувда Тошкент Давлат аграр университети қошида Конфуций номидаги институт ташкил топилиши муҳокама қилинди. Ушбу институтнинг ташкил этишдан асосий мақсад - талабаларни хитой тилига ўқитиш, иқтидорли талабаларни Хитойга ўқишга юбориш, қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бораётган кадрлар малакасини ошириш, ўқитувчи ва профессорлар алмашувини йўлга қўйиш, Хитойнинг замонавий қишлоқ хўжалигидаги технологияларни ўрганиш ва Ўзбекистонда тадбиқ этишдан иборатдир.

Натижада, томонлар икки мамлакатдаги тартиб, тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга риоя қилинган ва келишилган ҳолда ушбу институтни Тошкент давлат аграр университети қошида ташкил этишга келишишди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Хитой қишлоқ хўжалиги академиясининг президенти Хуанг Туажанг билан учрашув ўтказилди. Учрашувда ХХР қишлоқ хўжалиги Академияснинг  халқаро алоқалар департаменти директори Фен Доксин ва шу департаментнинг  икки томонлама ҳамкорлик бўлими бошлиғи Сюй Мин ҳамда Академия тизимидаги турли илмий-тадқиқот институтлар директор ва ўринбосарлари иштирок этди. Учрашув жараёнида томонлар шоличилик, пахтачилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш каби масалалар бўйича ҳамкорликни ўрнатиш ва жадаллаштиришга қизиқиш билдиришди. Жумладан, Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев томонидан шоличилик йўналишида Хитой тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистонда жорий этиш ҳамда ушбу масала юзасидан ҳамкорликда ишлар олиб бориш ва керак бўлса икки мамлакат шоличилик илмий-тадқиқот институтлари тегишли шартнома имзолаши ёки банклар иштирокида қўшма корхона тузилиши таклифи берилди. Хитой томони ушбу таклифга қизиқиш билдирди ва ушбу масала юзасидан тизимдаги тегишли ташкилотларга топшириқ бериб, ўз фикр ва мулоҳазалари юзасидан тез орада Ўзбекистон тарафига хабар беришлигини айтиб ўтди.

Ўтказилган музокаралар натижасида томонлар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Хитой қишлоқ хўжалиги Академияси ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш юзасидан Меморандум имзоланишига келишилди ва ўз навбатида, Хитой томони ушбу ҳужжат лойиҳасини Ўзбекистон томонига яқин кунларда юборишини таъкидлаб ўтди.

20 апрель куни Ўзбекистон вакилларининг қизиқишига ва Хитой томонини таклифига кўра, делагация аъзолари Урумчи шаҳрида жойлашган қишлоқ хўжалиги авиацияси билан шуғилланаётган ва бу борада турли хил учувчисиз учадиган ускуналар (дрон) яратиб ва қишлоқ хўжалигида муваффаққиятли ишлатиб келаётган компанияга ташриф буюришди. Компания томонидан яратилган ускуналарни ишлатганда мой ва ёқилғи манбалари тежалиши, ноқулай об-ҳаво шароитида кўлланилиши, ноқулай жойларга ишлов берилиш имконияти ва масофадан дала назорати ўрнатиш каби хусусиятлар айтиб ўтилди. Хитой тарафи ушбу ускуналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқилишини йўлга қўйилиши мамлакат қишлоқ хўжалигига янада самара қўшишини таъкидлаб ўтди.

21 апрелда Шинжон қишлоқ хўжалиги академиясида яна бир учрашув ўтказилди. Томонлар пахтачилик ва ўсимликларни ҳимоя қилиш, боғдорчилик ва сабзавотчилик каби масалалар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдиришди. Ташриф жараёнида делегация аъзолари ўсимликларни ҳимоя қилиш, фермерлар етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сифатини ва таркибини ўрганадиган лаборатория ишлари билан танишишди.

Музокаралар мобайнида келажакда амалга оширилиши режалаштирилаётган ҳамкорликдаги лойиҳалар “бир ҳудуд, бир йўл” ташабусси ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти дастурлари доирасида амалга оширилиши мақсадга мувофиқлиги Хитой томонидан таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, ҳамкорликни аниқ йўналишларини белгилаш мақсадида томонлар олимлари ва вакилларни ўзаро ташрифини йўлга қўйилиши долзарб ва муҳимлиги ҳам кўрстатиб ўтди. 

Музокаралар якуни бўйича Тошкент Давлат аграр университети ва Шинжон қишлоқ хўжалиги академияси ҳамда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Шинжон қишлоқ хўжалиги академияси ўртасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.