Дунёдаги энг оғир вазнли аёл ҳисобланган мисрлик Имон Абдул Атийнинг опаси Ҳиндистондаги клиника шифокорлари бемор операциядан кейин вазн ташлаганини айтиб, ёлғон гапиришганини маълум қилди. Бу ҳақида BBC хабар берди.

Икки ой олдин 500 килограмм вазнга эга бўлган Имон Абдул Атий Мумбайдаги Сайфи шифохонасида мураккаб операцияни бошдан кечирди. Ўтган ҳафтада шифокорлар аёлнинг 328 килограмм вазн ташлагани ҳақида хабар қилишган эди. 

Дунёдаги энг оғир вазнли аёл 140 килограммга озди

Бироқ Шайма Салимнинг таъкидлашича, бу ёлғон ҳамда унинг синглиси оғир аҳволда ва эҳтимол фалажни бошидан ўтказган. 

Шифокорлар бу айбловларни рад этишмоқда. 

Гап шундаки, душанба куни Шайма Салим ижтимоий тармоқларга қисқа видеони жойлаштирди ва унда синглиси ҳамон на гапира ва на қимирлай олмаётгани ҳамда шифокорлар айтган даражада озмаганини айтди.

Сешанба куни BBC'га берган интервьюсида у клиникага нисбатан айбловларини такрорлади.

"У (операцияга бошчилик қилган шифокор Музаффала Лакдавала) Имонни на операциядан олдин ва на ундан кейин ўлчагани йўқ. Агар унда вазн ташлаганликни исботловчи видео бўлса, кўрсатсин", - деди беморнинг опаси.

Шифохона вакили BBC'га Имон Абдул Атийнинг душанба куни такроран ўлчангани ва ҳозирда унинг вазни 172 килограмм эканини айтди. 

Шифокор Лакдавала айбловларни рад этмоқда. "Шайма Салим ўзининг ғайриинсонийлиги билан мени ажаблантирди. Нима қилиб қўйганингизни англаганингизда фақат Худо сизга ёрдам бериши мумкин. Мен эса Имонни даволашда ва унинг ҳақига дуо қилишда давом этаман", - деб ёзади у Twitter'даги ўз саҳифасида.